13-May, 2023-yil

Андижонда фермерларнинг туман прокуратурасига чақирилиши юзасидан маълумот берилди

    Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида фаолият юритувчи тадбиркор Бўстон туман прокуратурасининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ёритилганди.

Мазкур мурожаат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Андижон вилояти Бўстон туманида фаолият юритувчи бир қатор фермер хўжаликларининг туман прокуратурасига чақирилиши ва томчилаб суғоришга шартнома қилишга мажбурлаш ҳолатлари бўйича ижтимоий тармоқлардаги мурожаат юзасидан фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида юзага келган ҳолат ўрганилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.04.2023 йилдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори ҳамда ушбу қарор ижроси юзасидан Андижон вилояти ҳокимининг 11.04.2023 йилдаги 96-1-0-Q/23-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорларга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2023 йилда туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув истеъмолчилари кесимида сув олиш лимитларини ишлаб чиқиши ва 2023 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг тартиблари белгиланган.

Бу борада Бўстон туман ҳокимининг 2023 йилда пахта хом ашёси етиштиришдаги 33 та, боғдорчиликдаги 5 та, бошқа экин етиштиришда томчилаб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича 9 та фермер хўжаликлар ҳамда боғдорчиликда ёмғирлатиб суғориш технология бўйича 1 та, Дискрет суғориш технологияси бўйича 8 та фермер хўжаликлари номлари киритилган Манзилли рўйҳатлар тасдиқланган.

Бўстон туман ҳокими томонидан тасдиқланган фермер хўжаликлари туман прокуратурасига ҳақиқатан чақирилиб, манзилли рўйҳатлар бўйича сув лимитлари ҳамда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан ушбу ҳолат бўйича қўшимча ўрганиш ўтказилаётганлиги, натижаси бўйича расмий муносабат билдирилиши маълум бўлди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение