4-May, 2023-yil

Аукциондан ютиб олинган ер Бизнес-омбудсман ёрдамида тадбиркорга ажратиб берилди

Бухоро вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъекти мутасадди ташкилотларнинг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, тадбиркор деҳқон хўжалиги юритиш мақсадида 2023 йил 15 февралда электрон онлайн аукцион савдоларида қатнашиб, Ғиждувон тумани Соҳибиён маҳалласи ҳудудида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 0,3294 гектар ер майдонини ютиб олган.

16 февраль куни тадбиркор билан туман ҳокимлиги ўртасида 30 йил муддатга ижара шартномаси имзоланган.

Бироқ “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИнинг ҳудудий бўлинмасига бир неча марта мурожаат қилган бўлса-да, ушбу ерга буғдой экилганлиги важ қилиниб, аукцион ғолибига ер майдони ажратилмасдан келинган.

Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан 2023 йил 25 апрель куни мутасаддилар билан бирга ер майдони жойлашган ҳудудга чиқиб ўрганилганда ҳеч қандай буғдой экилмаганлиги аниқланди.

Тадбиркор иштирокида ажратилган ер майдони чегаралари белгиланиб, ер майдони ажратиб берилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилди ва ер майдони тадбиркорга ажратиб берилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение