Юртимизда тадбиркорлар фаолиятига асоссиз
аралашувнинг олдини олиш, давлат назоратининг эскирган функцияларини
қисқартириш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш юзасидан қатъий
чоралар кўрилмоқда.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида
қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат органлари билан муносабатларнинг барча
соҳаларида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устувор тамойили жорий
этилди, соҳани рақамлаштириш натижасида коррупцион вазиятларнинг олди олинди.
Бизнес-омбудсман девони томонидан Конрад
Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси
билан ҳамкорликда ташкил этилган “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат
назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ва тадбиркорлар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусидаги тренингда ҳам шу масалаларга тўхталиб
ўтилди.
Тренингда Тадбиркорлик субъектларининг
ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони, Конрад
Аденауэр номидаги жамғарма, шунингдек, 150 га яқин тадбиркорлар ҳамда назорат
қилувчи органлар вакиллари иштирок этди.
Тренинг тадбиркорлик субъектларини давлат
назоратини амалга оширишдаги инновациялар билан таништириш, “Ягона давлат
назорати” ахборот тизимининг фаолияти ва афзалликларини аниқ кўрсатиш,
шунингдек, иштирокчиларга “Текширувларни рўйхатга олиш электрон китоби”да
текширувларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уни тўлдириш тартиби билан таништиришни
ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Унда Бизнес-омбудсман девони ҳамда
Савдо-саноат палатаси масъул ходимлари томонидан “Ягона давлат назорати”
ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби, текширувларнинг қонунийлиги устидан
жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ўзига ҳос жиҳатлари ҳамда текширувчи
шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш
механизмлари тўғрисида маълумот берилди ҳамда тадбиркорлар мавзуга оид ўзларини
қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.
Тадбиркорлар учун муҳим ва фойдали бўлган бу каби тренингларни халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ҳудудларда ҳам ташкил этиш режалаштирилмоқда.