Жорий йилнинг 27 апрель куни Ўзбекистон
Республикасининг “Давлат органлари билан
муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали
ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон
Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонун давлат органлари билан муносабатларда
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини
таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан
самарали суд назоратини ўрнатишга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро
стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган
ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Қонун билан Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия,
Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш
тўғрисидаги кодекслари ҳамда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини
ижро этиш тўғрисида»ги ҳамда «Давлат
божи тўғрисида»ги Қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу
Қонун:
суд тизимида «ягона дарча» принципини кенг жорий этиш
мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилишга ва
ваколатли судга юборишга ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни
ҳал қилишни таъминлаш тизими жорий этилишига;
маъмурий суд ишларини юритиш «суднинг фаол иштироки»
принципи асосида амалга оширилишига;
оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган
низолар билан бир қаторда унга сабабий боғланишда бўлган зарарнинг ўрнини
қоплаш ҳақидаги талабнинг маъмурий суд томонидан кўрилишига;
оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар
бўйича тарафларга келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилишига;
суд ҳужжатлари маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини
ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан ижро
этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари
қўлланилишига доир процессуал қоидаларни
белгилайди.