28-Aprel, 2023-yil

1 майдан нималар ўзгаради?

Баъзи қурилиш материаллари божхона тўловидан озод қилинади

Қурилаётган кўп квартирали уй-жойларнинг қурилиши якунланган қисмини (қаватларини) банклар томонидан кредит таъминоти сифатида босқичма-босқич гаровга олиш амалиёти жорий этилади.

2025 йил 1 январга қадар айрим қурилиш материаллари ва хомашёларини олиб киришда нол божхона тўлови ставкаси жорий этилади.

 

Иш ҳақи ошади

Президент Фармонига кўра, 1 май кунидан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 минг сўм этиб белгиланади.

 

АГТКСга онлайн камера ўрнатиш мажбурий бўлади

Президентнинг 2023 йил 10 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан 1 майдан қатор тартиблар ўрнатилмоқда.

Жумладан:

– автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камераларини ўрнатиш ҳамда уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш мажбурий ҳисобланади;

– пахта хомашёси, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимларининг операторлари ўз тизимларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишлари мажбурий ҳисобланади;

– тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун (олинган ҳақ, комиссия учун «0» сўм бўлган тақдирда ҳам) электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этади ва расмийлаштиради.

 

Янги «дом»ларнинг томига қуёш панеллари ўрнатиш мажбурий бўлади

Президентнинг 2023 йил 16 февралда қабул қилинган «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади.

Шунингдек, янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади. Республикадаги барча ёқилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади.

 

Банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга рухсат этилади

Президентнинг 2022 йил 10 ноябрь куни қабул қилинган «Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2023 йил 1 майдан қуйидагиларга рухсат берилмоқда:

– тижорат банкларига ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга;

– юридик шахсларга электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришга.

 

Дори воситалари нархига мониторинг ўрнатилади

Дори воситаларининг чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида 2023 йил 1 майдан бошлаб:

жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади;

матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш натижасида дори воситаларининг чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилганлиги аниқланган тақдирда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органига автоматик равишда хабар юборилади;

харид чеки бўйича нарх дори воситасининг чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда жарима ундирилади.

Бунда, харид чекида сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тўлиқ миқдорда кўрсатилмаслиги савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида эътироф этилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение