18-Aprel, 2023-yil

Қорақалпоғистонда тадбиркорлар мурожаати ижобий ҳал этилди

Ўтган қисқа давр ичида тадбиркорлик субъектлари билан давлат органлари ўртасида тизимли равишда мулоқот йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўйилган вазифалар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, республиканинг энг чекка ҳудудларида жойлашган Бўзатов туманидаги “BS BOZATAW TEXTILE” МЧЖ томонидан электр тармоқлари корхонаси билан электр таъминоти шартномаси тузилиб, тикув фабрикасини ишга тушириш режалаштирилган.

Бироқ Бўзатов тумани электр тармоқлари корхонаси томонидан электр энергияси етказиб берилиши рад этилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман ёрдамида корхона ва жамият ўртасида электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома тузилиб, электр энергия билан таъминланишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Натижада, тикув фабрикаси ишга туширилиб, 175 нафар янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, Қораўзак туманидаги “BO’STON TALK” МЧЖда Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси, Шимолий-ғарбий минтақавий инспекцияси томонидан текширув ўтказилган. Текширувда жамиятнинг 2020 йилда экспорт қилиш бўйича белгиланган режаларни бажармаганлиги ва жамиятнинг қазиб олган фойдали қазилмалар бўйича нотўғри ҳисоботлар тақдим этилганлиги натижасида лицензия талаб ва шартлари бузилганлиги аниқланиб, жамиятнинг лицензиясини тўхтатиш бўйича судга ариза киритилган.

Бизнес-омбудсман ёрдамида инспекция томонидан текширув ваколатли орган билан келишилмасдан ўтказилганлиги, жамиятнинг экспорт қилиш бўйича белгиланган режалар асосли важлар, яъни короновирус пандемияси таъсири сабабли бажарилмаганлиги ва жамиятнинг ҳақиқатда қазиб олган қазилма бойликлари бўйича аниқ далиллар судга тақдим этилиб, лицензияси кучида қолишига ва асоссиз солиқлар ҳисобланмаслиги юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Натижада, жамият ўз фаолиятини давом эттириб, 2022 йилнинг ўзида қиймати 579,5 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт қилишига эришган.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение