Хорижий давлатларга юк ташиш билан
шуғулланаман.
Ўтган йили юк ташиш учун 20 та рухсатнома бланкаларини
олгандим. Йил якунига қадар уларнинг 8 таси фойдаланилмай қолиб кетган эди.
Жорий йилда 20 та рухсатнома бланкасини олиш учун яна ваколатли органга
мурожаат қилсам, менга фақатгина 10 дона бланка беришди. Уларнинг бу
хатти-ҳаракати қанчалик қонуний?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018
йил 15 мартдаги 202-сонли “Aвтомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишни янада
тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, автомобилда юк ва
йўловчиларни халқаро ташиш соҳасидаги халқаро шартномалардан келиб чиқадиган
Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятларини амалга ошириш мақсадида автомобилда
юк ва йўловчиларни халқаро ташиш Ўзбекистон Республикасининг, жумладан, бундай
ташишларни рухсатномалар асосида
амалга ошириш шартларини назарда тутган халқаро шартномаларига мувофиқ амалга
оширилиши белгиланган.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий
давлатларнинг ваколатли органлари ҳар йили ўзаровийлик шартларида автомобилда
юк ва йўловчиларни халқаро ташишни амалга ошириш учун рухсатномалар бланкаларини айирбошлаши белгиланган.
Шунингдек, мазкур Низомнинг 17-моддасига кўра,
хорижий/кўп томонлама рухсатномаларнинг миллий ташувчилар эҳтиёжини
қондирмайдиган айирбошлаш квотасидаги тақсимлаш шартлари Ўзбекистон
Республикасининг ваколатли органи томонидан миллий ташувчининг автомобилда юк
ва йўловчиларни халқаро ташиш борасидаги иш тажрибасини, автотранспорт
воситаларининг мавжудлиги ва ўтган
ҳисобот йилида фойдаланилган хорижий/кўп томонлама рухсатномаларнинг сонини
инобатга олган ҳолда белгиланади.
Яъни агарда Сиз ўтган йили Сизга берилган рухсатнома
бланкаларидан тўлиқ фойдаланмаган бўлсангиз, жорий йил учун ваколатли орган
сизга камроқ миқдорда рухсатнома бланкаси бериши мумкин.
Шу билан бирга, мазкур ҳолат Сизга берилган
рухсатнома бланкаларидан фойдаланиб бўлганингиздан сўнг ваколатли органга
қўшимча рухсатнома бланкасини олиш бўйича мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.
Хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун
қўшимча буюртманома тақдим этган миллий ташувчилар улар билан Ўзбекистон
Республикаси ваколатли органининг захирасидан ёки бошқа миллий ташувчилар
томонидан олинмай қолган хорижий/кўп томонлама рухсатнома бланкалари ҳисобидан
таъминланадилар.
Захира ёки олинмай қолган хорижий/кўп томонлама
рухсатнома бланкалари мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг
ваколатли органи қўшимча буюртманома олинган кундан бошлаб ўн иш куни давомида
хорижий давлатнинг ваколатли органидан жорий йил учун қўшимча рухсатнома
бланкалари айирбошлаш квотасини сўрашга ҳақли.