12-Aprel, 2023-yil

Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилинади

“Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–118-сон, 10.04.2023 й.) имзоланди.

Қарорга кўра, 2023-2026 йилларда республика ҳудудида фаолият юритаётган давлат ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш ва белгиланган меъёрларда ишлашини таъминлаш давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор иштирокида босқичма-босқич жорий этилади.

Биринчи босқичда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 5 722 та давлат ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти тизимлари хусусий сектор иштирокида модернизация қилинади.

2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларининг барча туман (шаҳар)ларида давлат ижтимоий соҳа объектларида иситиш тизимлари давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ишлари бошланади.

1 июнгача жалб қилинган лойиҳа институтлари кўмагида туман (шаҳар)лардаги ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилиши таъминланади.

Бунда, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва давлат экспертизасидан ўтказиш харажатлари ҳудудлар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

1 июлгача туман (шаҳар)ларда давлат-хусусий шериклик асосида ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаларининг концепциялари тасдиқланади.

1 августдан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва лойиҳа концепциялари тасдиқланган туман (шаҳар)лардаги ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари бошланади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение