31-Mart, 2023-yil

Фермерларнинг мурожаати бўйича ўрганишлар натижаси ҳақида маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Хонқа туманида фаолият юритувчи фермер хўжаликларининг узоқ муддатли ижарага берилган ер майдонларининг туман ҳокимлиги томонидан қайтариб олишга уринаётганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ёритилганди.

Мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида “Narimon Aminovich” фермер хўжалиги раҳбари Н.Худайбергановнинг Хонқа туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи А.Хусаиновнинг 2022 йил 24 октябрдаги 379-сонли тақдимномасидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганилди.

Аниқланишича, Хонқа туман қишлоқ хўжалиги бўлими ходимлари томонидан 2022 йил 23 октябрь куни “Narimon Aminovich” фермер хўжалигида экинларни жойлаштириш кўрсаткичлари асосида қишлоқ хўжалиги экинлари экилган майдонларни ўлчаш, шунингдек, экин майдонларида ўтказиладиган ерга ишлов бериш билан боғлиқ агротехник тадбирларнинг ўз муддатларида бажарилиши юзасидан мониторинг ўтказилган ва натижаси юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.

Мониторингда аниқланган ҳолатлар бўйича Хонқа туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи А.Хусаинов томонидан 2022 йил 24 октябрь куни Хонқа туман ҳокимлигига “Narimon Aminovich” фермер хўжалиги шоли шартномасидаги шартномавий шартларини бажармаганлиги ва экин ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланганлиги сабабли фермер хўжалигига қонуний чора кўриш тўғрисида 379-сонли тақдимнома киритилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14

январдаги 22-сонли Қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 26-бандига мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга оид қонун бузилиш ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш хусусида ўрганиш ишлари якуни бўйича тақдимнома киритиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари бошлиқлари ваколатига киритилган.

Бироқ, Хонқа туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи А.Хусаинов ўз ваколат доирасидан четга чиққан ҳолда Хонқа туман ҳокимлигига фермер хўжалигига қонуний чора кўриш тўғрисида 379-сонли тақдимнома киритган ва бунинг натижасида Хонқа туман хокимлиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича судга даъво ариза киритилган.

Худди шундай қонунбузилиш ҳолатларига Хонқа туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи А.Хусаиновнинг 2022 йил 24 октябрдаги “Кўпал Полвон” фермер хўжалигига нисбатан 378-сонли, “Суҳроббек Эшчанбек” фермер хўжалигига нисбатан 380-сонли, “Шохруҳбек Шохинабону” фермер хўжалигига нисбатан 382-сонли, “Fresh Fruits Export” МЧЖга нисбатан 383-сонли, 2022 йил 3 ноябрдаги “Мастура Дониёр Дастон” фермер хўжалигига нисбатан 416-сонли ва 2022 йил 10 ноябрдаги “Оғабек Зайнаб” фермер хўжалигига нисбатан 454-сонли тақдимномаларида ҳам йўл қўйилган.

Шунга кўра Бизнес-омбудсман томонидан қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение