30-Mart, 2023-yil

2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Қайта тикланадиган энергия манбаларини ўрнатганлар солиқ тўлашдан озод этилади

Умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — ўн йил муддатга озод этилади.

 

Фермер хўжаликларига ишчиларнинг иш ҳақидан шахсий даромад солиғи қайтарилади

2023 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 майга қадар эксперимент тариқасида республика бюджетидан пахта ва (ёки) ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига уларнинг ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя қилинганда қайтариб бериш тартиби жорий этилади:

  қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳар бир гектар ер учун ойига камида бир нафар ишчининг бандлиги таъминланганда;

ҳар бир нафар ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланганда;

пахта ва (ёки) ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги ўтган йил якуни бўйича Солиқ кодексининг 57-моддаси талабларига жавоб берганда.

Тадбиркорлар харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

Бир йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ошмаган қисми Жамғарма томонидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари,

жами даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.

давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда қўшилган қиймат солиғи суммаси инобатга олинмайди;

юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.

 

Баъзи кўп қаватли саноат биноларига солиқ солишда камайтириш коэффициенти қўлланилади

Тадбиркорлик субъектлари янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари, шу жумладан 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган бинолар юзасидан (республиканинг шаҳарлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашган бинолар бундан мустасно) юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобланган суммани уч қаватли бинога — 0,9, тўрт қаватли бинога — 0,8, беш қаватли бинога — 0,7, олти қаватли бинога — 0,6, етти ва ундан юқори қаватли бинога — 0,5 пасайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда, бино фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тўлайди.

 

Солиқ органлари томонидан жарималар ва пеняларни ҳисоблашни тўхтатиб туриш муддати тугайди

Қуйидагилар 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатиб турилганди:

тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш;

ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлланилиши, шунингдек, мазкур қарор кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши;

тадбиркорлик субъектлари томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган давлат активлари бўйича 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида тўланиши лозим бўлган тўловлар, шу жумладан дастлабки тўлов тўланмаганлиги учун фоизлар ва пенялар ҳисоблаш.

 

Паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга имтиёзлар бериш шарти белгиланди

Паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини фақатгина «my.vetgov.uz» сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда белгиланган тартибдаги мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

 

Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тартибга солинади

Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома беришнинг амалдаги тартиби бекор қилинади ҳамда Давлат геология қўмитаси томонидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга (кейинги ўринларда — бурғиловчи субъектлар) ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартиби жорий этилади;

бурғиловчи субъектларга ўз тасарруфидаги бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ва уларни доимо ишчи ҳолатда сақлаш мажбурияти юклатилади;

қонунчиликда назарда тутилган тегишли техник ҳужжатларга эга бўлмаган бурғилаш ускуналари ёрдамида ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш тақиқланади ва Инспекция томонидан бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, бурғилаш ускуналарини мусодара қилиш юзасидан судга мурожаат этилади;

ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатноманинг талаб ва шартларини бажармаганлик унинг амал қилишини тўхтатиб туришга, гидрогеологик хулосасиз бурғилаш ишларини олиб бориш эса рухсатномани бекор қилишга асос бўлади;

ер ости сув олиш иншоотларига (бурғи қудуғи, булоқ каптажи) эга бўлган барча ер ости сувларидан фойдаланувчиларга йиллик сув олиш миқдори тўғрисидаги ҳисоботни белгиланган тартибда Давлат геология қўмитасининг ҳудудий гидрогеология станцияларига топшириш мажбурияти юкланади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение