28-Mart, 2023-yil

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятининг янада такомиллаштирилиши таъминланади

Президент “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 25.03.2023 йилдаги ПФ-43-сонли Фармонни имзолади.

Фармонга кўра, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, қиймати 5 млрд сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредит (лизинг)лари бўйича:

1-3 тоифадаги туман (шаҳар)ларда жойлашган кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳалари бўйича фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошган, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини;

4-5 тоифадаги туман (шаҳар)ларда жойлашган кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳалари бўйича фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошган, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 40 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача компенсация тақдим этилади.

Фарғона вилояти Сўх туманида рўйхатга олинган ва фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, қиймати 10 млрд сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредит (лизинг)лари бўйича фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктидан юқори қисмини қоплаш учун 3 йил муддатгача компенсация тақдим этилади.

Бунда компенсация «2+1” тамойили асосида аввал кредит (лизинг)нинг дастлабки икки йилига тақдим этилади, тадбиркорлар томонидан бизнес-режада кўзда тутилган маҳсулот (хизмат)ларни сотиш ҳамда иш ўринлари яратиш кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган тақдирда, қўшимча бир йилга узайтирилади.

Жамғарма томонидан тижорат банклари кредит (лизинг)ларига кафиллик:

1-3 тоифадаги туман (шаҳар)ларда жойлашган кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига ажратиладиган кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда;

4-5 тоифадаги туман (шаҳар)ларда жойлашган кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига ажратиладиган кредит суммасининг 75 фоизигача (75 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда тақдим этилади.

Бунда «аъло» кредит тарихига ега бўлган кичик тадбиркорлик субъектларига, улар аввал олган кредитлари бўйича Жамғарма кафиллигидан фойдаланаётган бўлишидан қатъий назар қўшимча кредитлар бўйича белгиланган умумий миқдор ва шартлар доирасида кафилликлар тақдим этилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение