7-Mart, 2023-yil

Якка тартибдаги тадбиркорлик субъектини ташкил этмоқчиман. Бундай шаклда тадбиркорликни ташкил этиш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига кўра, якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) томонидан тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга оширишдир.

Якка тартибдаги тадбиркорлик якка тартибдаги тадбиркор томонидан мустақил, мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширилади.

Солиқ кодексига кўра, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи, бироқ якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахсларга солиқ солиш ва уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида қаралади.

Якка тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда беш нафаргача ходимларни ёллашга ҳақли.

Жисмоний шахс ўз тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ битимлар тузаётганида, якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳаракат қилаётганлигини, агар бу битимларни тузиш вазиятининг ўзидан аниқ англашилмаса, кўрсатиши керак. Бундай эслатманинг мавжуд эмаслиги якка тартибдаги тадбиркорни ўз мажбуриятлари бўйича зиммасидаги жавобгарликдан озод этмайди.

Якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга ошираётганда шахсий иш ҳужжатлари бланкаларидан, муҳр, штамплардан фойдаланишга ҳақли, уларнинг матнлари мазкур шахс якка тартибдаги тадбиркор эканлиги ҳақида далолат бериши лозим.

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳисобга турган жисмоний шахс ўз солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини электрон тарзда амалга ошириш учун фойдаланиши мумкин.

 

Маълумот учун, 2023 йил 1 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар сони 233,2 минг нафарга етган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,9 мингтага (8,9%) ошган.

Шулардан 21,5% (4,5 минги) ҳунармандчилик, 8,6% (8,9 минги) чакана савдо, 5,7% (1,2 минги) маиший хизмат кўрсатиш, 6,3% (4,3 минги) бошқа фаолият турлари билан шуғулланишади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение