23-Yanvar, 2023-yil

Тадбиркорга ташқи реклама объектини ўрнатишда қилинган тўсқинлик бартараф этилди

Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи тадбиркор Гулистон шаҳар ҳокимлигининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, тадбиркор онлайн-аукцион натижаларига кўра ғолиб бўлиб, ташқи реклама учун мўлжалланган ер майдонига эга бўлган. Шунга қарамасдан, ушбу ер майдони ноқонуний равишда “e-auksion” савдо платформасида қайтадан савдога жойлаштирилган.

Қонунчиликка мувофиқ, электрон аукцион натижасига кўра баённома расмийлаштирилганидан сўнг ўн иш кунидан кечиктирмай баённома асосида буюртмачи, яъни Гулистон шаҳар ҳокимлиги, билан аукцион ғолиби ўртасида ижара шартномаси тузилиши лозим эди. Шунга қарамасдан шартнома тузилмаган ва натижада тадбиркор томонидан қонунчиликда белгиланган талаблар бажарилиши таъминланмаган.

Хусусан, шартнома имзоланган кундан бошлаб 3 ой мобайнида ер участкаларига, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларга ташқи реклама объектлари (конструкциялари) жойлаштирилмаган тақдирда, ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқи бекор қилинади.

Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, тадбиркорга Гулистон шаҳар ҳокимлиги билан шартнома тузиш ва ташқи реклама объектларини белгиланган муддатларда жойлаштиришига кўмаклашилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение