Хоразмда фаолият юритувчи “Баҳодир”
(номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари жамиятга тегишли мол-мулкларга нисбатан қўлланилган
таъсирчан солиқдан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, Боғот туман давлат
солиқ инспекцияси хулосасига асосан жамиятга тегишли қурилиш ости ер майдони
575,2 кв.м бўш турган бино-иншоотларига нисбатан таъсирчан солиқ механизмлари тадбиқ
қилинган.
Ўзбекистон Президентининг 162-сон
Фармонига мувофиқ, жорий йил 1 июлдан бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб
чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, тугалланмаган
қурилиш объектларига (фойдаланилмаётган объектлар) ҳамда ушбу объектлар билан банд
бўлган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини
қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби (таъсирчан
солиқ механизми) бекор қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг
218-сон Фармонига мувофиқ, фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига нисбатан оширилган
ставкаларда қўлланилган таъсирчан солиқ механизми натижасида ҳосил бўлган мол-мулк
солиғи ва ер солиғи бўйича мавжуд солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилиши, солиқ қарзини
ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилиши белгиланган.
Жорий йил 1 июлдан мазкур Фармон
кучга киргунга қадар бўлган даврда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида
ундирилган солиқ суммаларини келгуси тўловлар ҳисобига белгиланган тартибда тегишли
объект мулкдорларига қайтарилишини таъминлаш Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги
зиммасига юклатилган.
Шунга кўра, жамиятнинг бўш турган
бино-иншоотларига нисбатан таъсирчан солиқ механизми натижасида 2022 йил июль-декабрь
ойлари учун ҳосил бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи ҳисобдан чиқарилди.