17-Dekabr, 2022-yil

Уларнинг хатти-ҳаракатлари қанчалик қонуний?


Тадбиркорман. Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаман. Яқинда назорат қилувчи орган вакиллари текширгани келди. Бироқ мен уларга Текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотлар киритишларини айтганимда, кейинроқ киритамиз, аввал текширувни ўтказиб олайлик дейишди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари қанчалик қонуний?

 ЖАВОБ:

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сонли қарори билан тасдиқланган “Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисида”ги низом Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш ва юритиш тартибини белгилайди.

Унга кўра, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текшириш бошланишидан олдин қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик субъектининг раҳбарини (тадбиркорлик субъекти раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахсни) текшириш мақсади ва шартлари билан таништириши, қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни тақдим этиши, Текширувларни рўйхатга олиш китобининг тегишли бўлинмаларига ёзувлар киритиши лозим.

Тадбиркорлик субъекти раҳбари (тадбиркорлик субъекти раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) Текширувларни рўйхатга олиш китобига киритилган маълумотларни текширувчи мансабдор шахс томонидан қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар билан таққослашга ҳақли.

Текширувчи мансабдор шахс Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортса ёки мазкур Низомда кўрсатилган маълумотларни таққослаш натижасида тафовутлар аниқланган тақдирда, текширувчи мансабдор шахс текширишга қўйилмайди.

Бунда тадбиркорлик субъекти раҳбари (тадбиркорлик субъект раҳбари бўлмаган тақдирда — унинг вазифасини бажарувчи шахс) Ваколатли органга мурожаат этишга ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришга ҳақли.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение