7-Dekabr, 2022-yil

Фармацевтика соҳасининг 17 нафар мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девони ходимлари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ташкилотларида 2021 йил ва 2022 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларда 388 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, 42 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик талаблари бузилган.

Хусусан, Фарғона (14 та), Қашқадарё (12 та), Наманган (4 та), Тошкент (1 та) вилоятлари ҳамда Марказий аппарат (11 та) ходимлари томонидан бундай камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда 299 та ҳолатда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, 28 та ҳолатда тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда қонунчилик талаблари ва белгиланган муддатларга амал қилинмаган.

Қайд этилган камчиликларга йўл қўйган 17 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Юқоридагилардан ташқари, 49 та ҳолатда тадбиркорларга гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, прекурсорларни олиб кириш ва олиб чиқиш учун сертификат беришда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли Қарорида белгиланган муддатлар кечиктирилганлиги, 74 та ҳолатда “DARMON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали келиб тушган аризалар бўйича бирламчи (дастлабки) экспертиза ўтказиш муддати бузилганлиги аниқланган.

Ўрганиш якуни бўйича соҳада қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Агентлик раҳбарига тақдимнома киритилди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение