3-Dekabr, 2022-yil

Суд қарори чиққан, лекин пулдан дарак йўқ


Камерал солиқ текшируви натижасида инспекция ходимлари қарорига кўра, асоссиз равишда 500 млн сўм қўшимча солиқ ҳисобланган ва ечиб олинган. Асоссиз ечиб олинган пул маблағини бюджетдан қайтариш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво ариза тўлиқ қаноатлантирилган. Лекин ечиб олинган пул маблағидан ҳалигача дарак йўқ. Суд қарори қанча муддатда ижро қилиниши керак?

Жавоб: Иқтисодий процессуал кодексининг 192-моддасига кўра, ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Мазкур кодекснинг 334-моддасига кўра Суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади, бундан қонунчиликда белгиланган тартибда дарҳол ижрога қаратиш ҳоллари мустасно.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 431-моддасига кўра ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда ижро этиш учун қарздорга у хабарномани олган кундан эътиборан беш кунлик муддат берилиб, бу ҳақда хабарномада кўрсатилади.

Қарздор белгиланган муддатда ижро ҳужжатининг талабларини узрли сабабларсиз ихтиёрий тартибда бажармаган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан мажбурий ижро этиш чоралари қўлланилади ва қарздордан белгиланган тартибда ижро йиғими ундирилади.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 15-моддасида, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозимлиги, суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилган.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение