3-Dekabr, 2022-yil

Давлат раҳбарининг янги қарори эълон қилинди


2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Унга кўра:

а) 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастури:

– иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш;

– қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш;

– саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш;

– ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига 30 фоизга камайтириш;

– иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш;

– йилига 200 миллион кўчат экиш ва кўчатларнинг умумий сонини 1 миллиарддан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш;

– республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш;

– ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш;

б) Саноат тармоқларида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция;

в) 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси;

г) 25 та корхона ва ташкилотда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг энергия сиғими кўрсаткичини 2026 йилга келиб 2022 йилга нисбатан 20 фоизга камайтиришга қаратилган 2022–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари тасдиқланди.

Шавкат Мирзиёв

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”

Text to speech
Звуковое сопровождение