“Мен тадбиркорлик
билан шуғулланаман. Яқинда фаолиятимда камерал солиқ текшируви ўтказилиб, 50
млн сўм фойда солиғи ундириш тўғрисида асоссиз равишда қарор қабул қилинди. Бир
ойдан бери солиқ органларига шикоят қиламан. Лекин фойдаси бўлмаяпти...”
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 186-моддасида маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) билан судга мурожаат этиш муддатлари белгиланган.
Агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.
Давлат ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кун ичида судга берилиши мумкин.
Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб аризалар, даъволар ва шикоятлар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.