Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи “Орзу” МЧЖ (номи ўзгартирилган) солиқ бошқармаси мансабдор шахсларидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, вилоят солиқ бошқармаси томонидан Жамиятнинг бир қатор бошқа тадбиркорлик субъектлари билан тузган шартномалари қалбаки (кўзбўямачилик битими) деб ҳисобланган ва Жамиятдан қарийб 50 миллион сўм ундириш тўғрисида асоссиз қарор қабул қилинган.Солиқ кодексининг 14-моддасида ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Самарқанд туманлараро маъмурий судига киритилган шикоят асосида Самарқанд вилоят Давлат солиқ бошқармасининг тадбиркор фаолиятида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан қабул қилинган қарори ҳақиқий эмас деб топилди ва Жамиятдан ноқонуний ундирилган маблағлар қайтариб берилди.