Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида текширувларни ўтказиш тартибига оид бир қатор ўзгаришлар белгиланди.
Хусусан, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида:
- ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади.
- ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритилади.
Шунингдек, янги тартибга кўра назорат қилувчи органлар:
- “хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади;
- тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас;
- тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирларини Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган режа-графиклар асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, “очиқ эшиклар куни” тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида амалга оширади.
Шу билан бирга, ушбу видеороликда қарорга шарҳни кўришингиз мумкин.