26-Iyul, 2022-yil

Тадбиркорга нисбатан текширув якуни бўйича асоссиз қабул қилинган қарор ҳақиқий эмас деб топилди

“Business” МЧЖ (номи ўзгартирилган) камерал солиқ текшируви натижаси бўйича қабул қилинган қарорни ҳақиқий эмас деб топишда амалий ёрдам сўраб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан Жамият фаолиятида камерал солиқ текшируви ўтказилган. Текширув натижасида Жамият томонидан ва бошқа тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартномалар қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган деб ҳисобланиб, бунда амалдаги қонунчиликнинг тартиб-таомилларига риоя этилмасдан, Жамиятга нисбатан қўшимча 143,2 миллион сўм ҚҚС ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ваҳоланки, Солиқ кодексининг 14-моддасига асосан, ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.

Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент туманлараро маъмурий судига киритилган шикоят натижасида, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан камерал солиқ текшируви бўйича қабул қилинган қарори ҳақиқий эмас деб топилди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение