20-Dekabr, 2019-yil

Тошкент шаҳар ҳокимлигидан тадбиркор фойдасига 3,2 млрд.сўм компенсация ундирилди.

Хусусий мулкка тажовуз қилишга, хусусий мулк ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилмаслиги қонун билан белгилаб қўйилган. Аммо айрим маҳаллий давлат ҳокимликлар томонидан ушбу қонун нормаларини бузиш ҳолатлари хаётимизда рўй бериб турибди. Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 12 майдаги 2386-сонли қарори билан “O’ZAVTOTEXXIZMAT” МЧЖга тегишли Тошкент шаҳар Яшнобод тумани, Олмалиқ халқаси, 1-уйда жойлашган объектнинг бир қисми 486 м2 қурилиш ости майдонида жойлашган умумий майдони 1 458 м2 бўлган бино компенсация тўловлари тўланмасдан бузилган. Бу билан тадбиркорнинг конституция билан кафолатланган ҳуқуқлари бузилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ–5780-сонли Фармони билан Бизнес Омбудсманга хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатиш ҳамда мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўриш вазифалари юклатилган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигидан “O’ZAVTOTEXXIZMAT” МЧЖга 3 210 000 000 сўм компенцасия тўловини ундириш ва давлат ва жамоат фойдасига олинган 486 м2 га тенг ер майдонини ажратиш мажбурияти юклаш бўйича Тошкент туманлараро судига даъво ариза киритилди. Киритилган даъвога асосан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан “O’ZAVTOTEXXIZMAT” МЧЖ фойдасига 3 210 000 000 сўм компенцасия ундириш ва 486 м2 га тенг ер майдонини ажратиш мажбурияти юкланди ва ҳозирда сумма тўлиқлигича тадбиркорга ундирилиши таъминланди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тезкор ҳимоя қилиш мақсадида Бизнес-Омбудсманда ишонч телефони (тел. 0371-239-25-92) фаолияти йўлга қўйилган. Агарда тадбикорларнинг ҳуқуқлари ёки конуний манфаатлари давлат органлари томонидан бузилса, ушбу телефон рақамига қўнғироқ қилиб ёки Вакилнинг электрон почтасига (info@biznesvakil.uz) хат ёзиб мурожаат қолдиришлари мумкин. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение