13-May, 2022-yil

Жамоатчилик муҳокамасига тадбиркорликка оид янги Фармон лойиҳаси жойлаштирилди

Бизнес-омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур Фармон лойиҳаси билан тадбиркорларга бир неча йўналиш бўйича қулайлик яратиш назарда тутилган.

 I. Давлат ва бизнес ўртасида янги мулоқот тизими жорий этиш

Хусусан, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган «business.gov.uz» ягона интерактив порталини давлат ва бизнес ўртасида самарали мулоқот тизимини таъминловчи ҳамда янги имкониятларга эга “Тадбиркор виртуал офиси” порталига (кейинги ўринларда – портал) айлантириш назарда тутилган.

 Портал қандай имкониятлар беради?

1) тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини туну кун қабул қилиш, ҳал этиш ва назорат қилиш;

2) тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш. Булар давлат органлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида тематик онлайн учрашув, муҳокамалар ва сўровномалар ўтказиш орқали амалга оширилиши;

3) қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш аматиётини такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектлари ташаббусларини қабул қилиш ва уларга овоз бериш имкониятини яратиш. Бунда камида мингта овоз тўплаган ташаббусларни ваколатли органлар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш;
4) ҳар йили “Тадбиркорлар куни” арафасида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти” доирасида таклифларни йиғиш ва тизимлаштириш;
5) лицензиялар ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш, фаолиятни бошлаганлик ҳақида хабарнома юбориш, кредит, субсидия, компенсация ва кафилликлар олиш, солиқ ва божхона маъмурчилигини амалга ошириш, статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топшириш каби хизматларни 2025 йил 1 январга қадар босқичма-босқич битта нуқтадан олиш имкониятини яратиш назарда тутилган.
Ундан ташқари, 2022 йил 1 июлдан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаш томонидан ҳар чоракда вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда уларда текширувлар ўтказиш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш ва самарадорлигига баҳо бериш амалиёти жорий этилиши режалаштирилмоқда.

II. Тадбиркорлик фаолиятида давлат назоратини амалга оширишдаги янгиликлар

Фармон лойиҳаси билан тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувлар тартибига ҳам ўзгаришлар киритилади. Жумладан, Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига:

  • фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига;
  • жамоат хавфсизлиги;
  • атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган назорат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ текширувлар;
  • сайёр солиқ текширувлари киритилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Фармон лойиҳаси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида Бизнес-омбудсман билан келишилган ҳолда, Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ҳамда масофавий тарзда ўтказиладиган текширувлар рўйхатлари ҳам шакллантирилди. Шунингдек:

  • юқоридаги рўйхатларда назарда тутилмаган текширувларни ўтказиш;
  • текширувни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказиш;
  • тадбиркорлик субъектларидан назорат қилувчи органга олдинги ўтказилган текширувларда тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

 III. Бўш ер участкаларини ажратиш тизими такомиллаштириш

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун бўш ер участкаларини аниқлаш ва аукцион савдоларига чиқарилишини таъминлайдиган ишчи гуруҳи тузилади.  Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари бўш ер участкаларини “маҳаллабай” аниқлаш ҳамда профессионал ташкилотларни жалб қилган ҳолда, ушбу ер участкаларида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун тайёр лойиҳаларни шакллантириш режалаштирилган. Шу билан бирга, ер участкаларини электрон онлайн аукционга чиқарилишини таъминлаш ва ушбу жараёнда иштирок этувчи ваколатли органлар фаолияти мувофиқлаштирилади. 

 IV. Умумий овқатланиш ва чакана савдо соҳаларини қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш

Жумладан, соҳадаги корхоналар учун белгиланган ва замон талабларига мос келмайдиган хизмат кўрсатиш қоидаларини, шунингдек, санитария норма ва қоидаларини соддалаштириш ва ушбу йўналишдаги тадбиркорларнинг фаолиятига давлат органлари аралашувини қисқартириш механизмларини жорий этиш вазифаси назарда тутилган.

Айни дамда мазкур Фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, тадбиркорлар ўз таклифларини билдириш имкониятига эга. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение