Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи “Future” МЧЖ (номи ўзгартирилган) унга тегишли ер
майдони олиб қўйилганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсман девонига мурожаат
қилди.
Маълум бўлишича, “Future” МЧЖга коврак маҳсулоти етиштириш
учун Деҳқонобод туман ҳокимининг қарорлари билан жами 995,6 гектар ер майдони
ижарага берилган. Аммо кейинчалик ҳоким ер ижара шартномасини бир тарафлама бекор қилиш
тўғрисида қарор қабул қилган ва натижада тадбиркор ижарага олинган ер майдонининг бир қисмидан маҳрум
бўлган.
Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ агар
шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг
келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан
“Future” МЧЖ манфаатида Қарши туманлараро ва Қашқадарё
вилоят маъмурий судларига
киритилган шикоятлар рад қилинган. Шунга кўра, мазкур суд қарорлари юзасидан
Бизнес-омбудсман томонидан Олий судга кассация шикояти киритилган ва натижада
қуйи инстанция судларининг қарорлари бекор қилиниб, Деҳқонобод туман ҳокимининг
“Future” МЧЖ манфаатига зид тарзда қабул қилинган қарорининг Жамиятга тегишли
қисми ҳақиқий эмас деб топилди.