14-Mart, 2022-yil

Тадбиркорларга тегишли бўлган пул маблағларни ўз вақтида тўлашни истамагани учун давлат органлари 13,7 миллиард сўм тўлаши тўғрисида суд қарорлари чиқарилди

Ўтган йили Бизнес-омбудсманга тадбиркорлардан шартномавий муносабатларга оид 360 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, 210 та мурожаатлар шартномалар бўйича қарздорликни ундириш билан боғлиқ эди. Ҳудудлар кесимида бу борадаги мурожаатлар сони бўйича Тошкент шаҳри (90), Андижон (37) ва Жиззах (33) вилоятлари етакчи бўлди.

Таъкидлаш лозим, Бизнес-омбудсман томонидан ушбу ҳолатлар бўйича киритилган даъво аризалари натижасида судлар томонидан тадбиркорлар фойдасига давлат органларининг ҳисобидан деярли 11,5 миллиард сўмлик қарздорликни ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

Мисол тариқасида, Наманган вилоятида фаолият юритувчи “Future” МЧЖ (номи ўзгартирилган) хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича тўловларни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Хусусан, Жамият ва Давлатобод туман мактабгача таълим бўлими ўртасида аутсорсинг асосида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш тўғрисида шартнома тузилган. Унга мувофиқ, Жамият томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилган бўлсада, кўрсатилган хизмат учун тўловлар амалга оширилмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, тарафлардан бири шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда бу тараф бошқа тарафга етказилган зарарни тўлайди.

Шунга кўра, Бизнес-омбудсман томонидан Жамият манфаатида Наманган туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан Давлатобод туман Мактабгача таълим бўлими ҳисобидан Жамиятга 418 022 050 сўмлик қарздорликни ундириш белгиланди.  

Давлат органлари тадбиркорлар билан шартнома тузишда нималарга эътибор беришлари лозим?

Биринчи навбатда, Бюджет кодексининг 122-моддасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга кириши белгиланган. Ўз навбатида, шу шартномаларни ғазначилик бўлимларида рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркорлар эмас, балки бюджет ташкилотлари масъулдир.

Шунингдек, шартнома ғазначилик бўлимларида рўйхатдан ўтказилмаганлиги бюджет ташкилотини ўз шартномавий мажбуриятларини бажаришдан озод қилмайди, ваҳоланки Фуқаролик кодексининг 237-моддасида мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиши белгиланган.

Тадбиркорлар ўзларига қонуний асосда тегишли бўлган маблағларни давлат органларидан суд орқали ундиришга мажбур бўлмоқда ва юқоридаги мурожаат кўплаб суд жараёнларининг бир мисолидир. Аксарият ҳолларда судлар тадбиркорнинг тарафини олиши ва унинг фойдасига қарор қабул қилиши тенденцияси мавжуд. Шу билан бирга, қарздор давлат органи нафақат қарздорликни, балки давлат божини ҳам тўлаши керак. “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, хўжалик судларига киритилган мулкий ҳусусиятга эга бўлган даъво аризалари бўйича давлат божи миқдори даъво баҳосининг 2% миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ташкил этади. Шунингдек, юқрида қайд этганимиздек, 2021 йилда шартномавий қарздорликни ундиришга оид даъво аризалари бўйича давлат органларининг ҳисобидан деярли 11,5 миллиард сўмлик асосий қарздорлик ва таҳминан 2,2 миллиард сўмлик давлат божи ундирилган. Таъкидлаш ўринли, давлат божи сифатида тўланган маблағлар оқилона эҳтиёжларга сарфланиши мумкин эди.

Давлат органларига айрим ходимларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари қимматга тушмоқда ва бу ҳолат доимо ҳам фақат моддий харажатларга тааллуқли эмас. Тадбиркорлар ҳуқуқларининг бузилиши давлат органи обрўсига бевосита таъсир қилади. Кўпинча амалиётда қонунбузилиш ҳолатига давлат органининг вилоят ёки туман бўлимининг мансабдор шахслари томонидан йўл қўйилади. Натижада, тадбиркор вилоят ёки туман бўлимига эмас, балки бутун органга нисбатан салбий муносабатда бўлади.

Бундан келиб чиқиб, Бизнес-омбудсман давлат органларига тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний мажбуриятларини ҳурмат қилишни тавсия қилади. Зеро, қонунга бўйсунувчи давлат вакиллари мамлакатдаги ҳуқуқ тизимига халқ ишончининг асосий калитидир.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение