“Kun.uz” веб-сайтида Оқдарё туманидаги кичик саноат зонасида
фаолият юритувчи тадбиркорларнинг электр
таъминотидаги мунтазам равишдаги узилишлардан норозилиги ҳақидаги мурожаати
ёритилган эди.
Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2019 йил 21 июндаги “Кичик саноат зоналари фаолиятини
мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари
тўғрисида”ги ПҚ-4363-сон қарори билан Энергетика
вазирлигига кичик саноат зоналари иштирокчиларинининг объектлари реал ишлаб
чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ электр
энергияси ва табиий газ билан узлуксиз
таъминлаш масъулияти юклатилган.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсман томонидан жорий йилнинг 14 январь куни Энергетика
вазирлигига огоҳлантириш берилиб, унда Оқдарё туман кичик саноат
зонаси ҳудудида электр энергиясини узлуксиз етказиб берилиши таъминлаш
чораларини кўриш зарурлиги, акс ҳолда масъул шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралари
кўрилиши таъкидланган.
Шу ўринда маълум қилинадики, мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини ўрганиш натижаси бўйича, Бизнес-омбудсман томонидан 2021 йилнинг январь ойида Энергетика вазирлиги, “HUDUDIY ELEKTR TARMOQLAR” АЖ ва “ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ” АЖга республика бўйича туман/шаҳарлар даражасида истеъмолчиларни, айниқса, махсус иқтисодий зоналарнинг барча иштирокчиларини электр энергияси ва табиий газ таъминотининг вақтинчалик узилишларидан огохлантириш тизимини йўлга қўйиш бўйича тегишли чоралар кўриш лозимлиги ҳақида мурожаат қилинган эди.
Бунда, Энергетика вазирлиги, “HUDUDIY ELEKTR TARMOQLAR” АЖ ва “ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ” АЖ томонидан электр энергияси ва табиий газ таъминотининг вақтинчалик узилишларидан огохлантириш тизимини йўлга қўйиш бўйича тегишли ишлар ташкил қилиниб, назоратга олинганлиги маълум қилинган.
Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, Вазирлар
Маҳкамасининг 16.01.2018 йилдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг
131-бандига кўра, ҳудудий электр
тармоқлари корхоналарининг асосий мажбуриятларидан
бири сифатида электр энергиясини электр таъминоти шартномасида кўрсатилган
ҳажмда узлуксиз етказиб бериш
ҳамда жорий этиладиган чеклашлар
ҳақида, чеклашнинг ҳажми ва вақтини кўрсатган ҳолда, ўз вақтида хабар қилиш ҳисобланади.
Бунда, ҳудудий
электр тармоқлари корхоналари томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслиги натижасида электр энергия истеъмолчиси
бўлган тадбиркорга етказилган зарар
ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан суд
тартибида ундирилиши мумкинлиги маълум қилинади.