“FARM” фермер ҳўжалиги (номи ўзгартирилган) Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.
Мурожаатда маълум қилинишича, тадбиркорга Ш.Рашидов туман ҳокимининг қарори билан жами 43,6 гектар ер майдони ажратилиб, фермер ҳўжалиги ташкил этилган. Кейинчалик, туман ҳокимининг қарори билан фермер хўжалигига фаолияти учун қўшимча 0,2 га ер участкаси ажратилган. Бироқ, туман прокуратурасининг ҳокимликка киритган протестига асосланиб, фермер ҳўжалигига 0,2 га қўшимча ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарор ҳокимлик томонидан тўғридан-тўғри бекор қилинган.
Мазкур мурожаат Бизнес-омбудсман девонида ўрганилиши жараёнида аниқланилдики, прокурор протестини кўриб чиқган ҳолда фермер ҳўжалигига нисбатан қўшимча ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишда ҳокимлик томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмаган.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсман томонидан Жиззах туманлараро маъмурий судига тадбиркор манфаатида шикоят аризаси киритилиб, натижада туман ҳокимининг фермер ҳўжалигига тегишли ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди ва фермер ҳўжалигининг бузилган ҳуқуқи тикланди.