Навбатдаги суд иши якунланиб, суд томонидан
тадбиркорлар манфаатида қарор қабул қилинди.
Хусусан, тегишли вилоят ҳокимининг қарори билан
чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган иккита тадбиркорга ажратилган ер
участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга зид равишда захирага
қайтарилган эди.
Жумладан, қонун ҳужжатларида давлат органи (мансабдор
шахс)нинг маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у
тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, фақатгина суд тартибида кўриб чиқилиши,
тадбиркор тингланиши лозимлиги, шунингдек, ер муносабатларига доир ҳужжатларни
қабул қилишда адлия идорасининг ижобий хулосасини олиш мажбурийлиги талаби
ўрнатилган бўлсада, мазкур талаблар ҳокимлик томонидан бажарилмаган. Бу билан
тадбиркорларга ҳолат юзасидан ўз фикрини билдириш ва далилларини тақдим этиш
имконияти берилмаган.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлар
манфаатида маъмурий судга аризалар киритилди.
Суд томонидан Бизнес-омбудсманнинг аризалари
қаноатлантирилиб, тегишли вилоят ҳокими қарорининг тадбиркорлар ҳуқуқини бузган
қисми ҳақиқий эмас деб топилди. Натижада, тадбиркорлар ҳуқуқи тикланди.