29-Noyabr, 2021-yil

Бизнес-омбудсман тадбиркорга ноқонуний ундирилган маблағларни қайтаришда кўмаклашди

Бизнес-омбудсман Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси, Тошкент шаҳар молия бошқармаси ва Тошкент шаҳри бўйича Ғазначилик бошқармасига нисбатан киритилган даъво бўйича судда ютиб чиқди. Даъво “Зиёда” МЧЖ (номи ўзгартирилган)нинг ҳисобидан қонун талабларини бузган ҳолда ундирилган 115 837 617 сўм маблағларни қайтариш юзасидан киритилган эди. 

Аниқланишича, Тошкент шаҳар ДСБ томонидан Жамиятнинг солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақидаги хати юборилган. Шу билан бирга, хатда Жамият томонидан айрим тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартномалар қалбаки деб белгиланган ва Жамиятнинг банк ҳисобидан пул маблағлари ечиб олинган. Тадбиркорнинг солиқ органларига маблағларни қайтариш юзасидан юборилган мурожаати оқибатсиз қолдирилган. 

Солиқ кодексининг 14-моддасида ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Бизнес-омбудсманнинг Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризаси натижасида, Жамиятдан ноқонуний равишда ундирилган 115 837 617 сўм маблағларни қайтариш юзасидан қарор қабул қилинди. 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение