11-Noyabr, 2021-yil

“Соғлом турмуш тарзи” платформаси тадбиркорлар учун қандай қийинчиликлар яратган эди?

Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” платформаси яратилиб, у орқали фуқароларга юрганлик учун маблағлар тўланиб келмоқда. 

Ушбу платформани молиялаштириш манбаи сифатида алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга маҳсулотларини реализация қилиш ҳажмидан ва белгиланган миқдорлардан келиб чиққан ҳолда йиғим жорий этилган.

Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-440-сон Қонунига асосан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсири самарадорлигини баҳолаш Бизнес-омбудсманнинг асосий вазифалари сифатида белгиланган. Қўшимча йиғимлар соҳадаги корхоналар учун муаммолар яратаётганлиги инобатга олинган ҳолда ушбу ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан ўрганилди. 

 

Қонунчиликда нима дейилган? 

Бюджет кодексининг 51-моддасига кўра, йиғимлар республика бюджети даромади ҳисобланиб, Солиқ кодексининг 16 ва 17-моддаларига мувофиқ, йиғимларни жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланиши кўрсатилган.

Шу билан бирга, давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни билан 2021 йил учун солиқ ва йиғимларнинг ставкалари белгиланган бўлиб, мазкур Қонунда, “Соғлом турмуш тарзи” платформаси шахсий ғазна ҳисобварағига тўланадиган йиғимлар қайд этилмаган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун ҳар бир ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлигига ўрнатилган акциз ва йиғимларни бирлаштириш белгиланган. 

Шу билан бирга, йиғимлар фақатгина алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларига татбиқ этилиши, ушбу маҳсулотларни импорт қилувчи ҳамда бошқа турдаги алкоголь ва тамаки маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар билан тенг шароитда рақобат олиб бориш имкониятини чеклаб қўйган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан қонунчиликни такомиллаштириш ва юқоридаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли таклиф ишлаб чиқилди. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5282-сон қарори қабул қилинди. Эндиликда, 1 январдан бошлаб Соғлом турмуш тарзи” платформаси орқали амалга ошириладиган тўловларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уларни тўлиқ ҳажмда тўлаб берилади. 

Ундан ташқари, қарорда платформадаги камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратилган. Шунингдек, 2022 йил 1 январга қадар “Соғлом турмуш тарзи” платформасини такомиллаштириш, шу жумладан, ахборот дастурида фуқаролар томонидан белгиланган масофани ҳақиқатда босиб ўтганлигини тасдиқловчи механизмларни қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий мулк эгалиги, тадбиркорлик ва хусусий секторнинг ривожланиши шарт.

Text to speech
Звуковое сопровождение