27-Oktabr, 2025-yil

2025 йил 1 ноябрдан нималар ўзгаради?

2025 йил 1 ноябрдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Электротехника: факторинг харажатларининг бир қисми қопланади

Электротехника саноати корхоналарига 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан банкларнинг факторинг хизматлари бўйича дисконт ёки ҳисобланган фоиз суммасининг 50 фоизи, бироқ йиллик 4 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.

 

Санитария-эпидемиология: синовлар тўлиқ электронлашади ва онлайн реестр юритилади

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш мақсадида давлат санитария назорати органи тизимидаги аккредитация қилинган лабораторияларда ўтказиладиган барча синовлар баённомалари электрон кўринишда «E-akkreditatsiya» ахборот тизимининг «E-laboratoriya» модули орқали расмийлаштирилади ҳамда ушбу органнинг расмий веб-сайтида хулосаси расмийлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг ягона онлайн реестри юритилади.

 

Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тежаб қолинадиган маблағлари нималарга йўналтирилади?

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Савдо-саноат палатасининг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Савдога кўмаклашиш жамғармаси томонидан қопланиши белгиланган йўналишлардаги харажатларни молиялаштиришга йўл қўйилмайди. Бунда Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тежаб қолинадиган маблағлари қуйидаги харажатларни қоплаб беришга йўналтирилади:

(а) танлов асосида ҳар йили 4 та ҳудуднинг ихтисослашуви бўйича саноатни ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишга хорижий консалтинг компанияларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ бир ҳудуд бўйича 250 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдордаги қисмини;

(б) хусусий саноат корхоналарида энергия тежамкорлик бўйича ўтказилган энергия аудити харажатларининг 50 фоизини, бироқ бир корхона учун 100 млн сўмдан ошмаган миқдордаги қисмини;

(в) замонавий бошқарув механизмлари, жумладан, захираларни тўғри баҳолаш ва самарадорликни ошириш методологияларини жорий этиш бўйича ўқув-амалий курсларни ташкил этиш харажатларининг 100 фоизини, бироқ бир корхона учун 20 млн сўмдан ошмаган миқдордаги қисмини.

 

Тадбиркорликни ривожлантириш: «Чемпион» ва кичик лойиҳаларга янги молиявий инструментлар

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги қўшимча инструментлар жорий этилади:

(а) тадбиркорлик субъектларини «чемпион» тадбиркор тоифасига олиб чиқишга кўмаклашиш учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларига тижорат банклари орқали 10 миллиард сўмгача миллий ва хорижий валютада кредитлар ажратиш учун ресурс жойлаштириш;

(б) кичик тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва «яшил» иқтисодиёт йўналишидаги микролойиҳаларига тижорат банклари томонидан 500 миллион сўмгача ажратилган кредитларни қуйидаги шарт ва ҳолларда қайта молиялаштириш:

(i) ажратилган кредитнинг фоиз ставкасини 6 фоизгача, бироқ Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкагача камайтириш;

(ii) камида бир йил фаолият юритган ва икки нафар ходими бўлган тадбиркорлик субъектларининг бешта ва ундан ортиқ янги иш ўринларини яратишни назарда тутган лойиҳаларига тақдим этиш.

 

Энди қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кирими электрон бўлади

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун белгиланган жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нақд пулга харид қилинганда, ушбу товарлар учун кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади.

 

Уйдан чиқмай, масофавий рўйхатдан ўтиш мумкин

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб рақамли платформалар орқали масофавий биометрия воситаси ёрдамида идентификация қилиш ва мобил телефон рақамига СМС-хабар юбориш йўли билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш имконияти яратилади.

Шавкат Мирзиёв

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”

Text to speech
Звуковое сопровождение