22-Oktabr, 2025-yil

Халқаро муҳокама: Бизнес-омбудсманлар ва IV Бизнесда ҳалоллик форуми бўлиб ўтди – ФОТОРЕПОРТАЖ

 

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳалолликни мустаҳкамлаш – Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири

 

2025 йил 21 октябрь куни Тошкентдаги Hilton Tashkent City меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ташкил этилган Бизнес-омбудсманлар ва IV Бизнесда ҳалоллик халқаро форуми бўлиб ўтди.

 

Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳалоллик ва шаффофликни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ҳалол бизнес юритиш учун қулай муҳит яратишда қатъий эканлигини намойиш этиб, қонунчиликдаги ўзгаришлар, рағбатлантирувчи имтиёзлар ва преференцияларни жорий этмоқда.

 

Форумнинг асосий мақсади – тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институционал механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ишбилармонлик этикаси, шаффофлик ва коррупцияга қарши комплаенс соҳасидаги халқаро илғор тажрибаларни муҳокама қилиш учун мулоқот платформаси яратишдан иборат бўлди.

 

Мазкур нуфузли тадбир 21-23 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Коррупцияга қарши курашиш ҳафталиги доирасида ўтказилди. У Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Конрад Аденауэр номидаги жамғарма, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси каби қатор йирик халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.

 

Форум турли мамлакатларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтлари, давлат органлари, бизнес вакиллари ва экспертлар учун тажриба алмашиш, тизимли муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳалол бизнес амалиётларини илгари суриш учун самарали платформа яратди.

 

Тадбирда 10 га яқин мамлакатдан 250 нафар иштирокчи (офлайн ва онлайн) қатнашди. Улар орасида Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон инсон ҳуқуқлари институтлари вакиллари, ИҲТТ, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (Австрия), ЕХҲТ (Руминия)нинг коррупцияга қарши кураш экспертлари, Франция Коррупцияга қарши кураш агентлиги, AmCham (Америка Савдо Палатаси), Transparency International (Латвия), Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт Банки, Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки каби халқаро молия институтлари вакиллари, шунингдек, SOCAR Midstream Gas Operations (Озарбайжон), UzAuto Motors ва Uzbekistan Airways каби йирик халқаро компаниялар вакиллари бор эди.

 

Жорий йилда Бизнес-омбудсманлар халқаро форуми ва 2021 йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган “Бизнесда ҳалоллик” форуми ягона тадбирга бирлаштирилди ва сессияларга бўлинди.

 

4 та сессия қуйидаги мавзуларда ўтказилди:

 

«Бизнес-омбудсман институтларини ривожлантириш: минтақавий тажриба таҳлили ва асосий хулосалар»;

 

«Тадбиркорлар шикоятлари: Бизнес-омбудсмани ва бошқа ҳимоя механизмлари»;

 

«Давлат ва хусусий ташкилотларда коррупцияга қарши комплекс дастурларни ишлаб чиқиш: стандартлардан амалиётга»;

 

«Бизнесда ҳалолликни рағбатлантириш ва илгари суриш механизмлари: ахлоқий амалиётларни таъминлаш учун стимуллар».

 

Ушбу форум тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, ҳалоллик ва шаффофликни бизнес маданиятининг ажралмас қисмига айлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилди.

Шавкат Мирзиёв

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”

Text to speech
Звуковое сопровождение