
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилганлик учун қандай имтиёзлар бор?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун қуйидаги имтиёзлар белгиланган:
2022 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади.
2023 йил 1 апрелдан бошлаб субсидия маблағлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига алоҳида махсус ҳисобрақамлар (23210) очиш орқали биринчи навбатда ажратилган кредитларни сўндиришга йўналтирилади.
Сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди ва ер участкаси ёки унинг бир қисми фақат қонунда белгиланган тартибдагина жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рухсат этилади.
2022 йил 1 январдан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қийматини Давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қоплаш тартиби фақат сувни тежайдиган технологияларни жорий этган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига татбиқ этила бошлади.
Сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган экин майдонлари узлуксиз сув ва электр энергияси билан таъминланиши белгилаб қўйилган.
Субсидияларнинг базавий ҳисоблаш миқдорлари тизим жорий этилган экин майдонининг ҳар бир гектари учун қуйидагича белгиланади (минг сўмда):
Сувни тежайдиган суғориш тизими тури | Пахта | Донли экинлар | Сабзавот экинлари ва картошка | Полиз экинлари | Озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар | Мевали экинлар | Узум | Шоли |
Томчилатиб суғориш | 8 000 * | х | 8 000 | 1 300 | 2 500 *** | 6 000 | 8 000 | х |
Кенг қамровли ва мобиль суғориш тизими | х | 8 000 ** | 8 000 | х | 2 500 *** | х | х | 8 000 **** |
«Спринклер» тизими | х | 8 000 ** | 8 000 | х | 2 500 *** | х | х | 8 000 **** |
Дискретли суғориш | 4 000 | х | х | х | х | х | х | х |
* Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун 12 000 минг сўм этиб белгиланади.
** Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги донли экинлар етиштириш майдонларида жорий этилган кенг қамровли ҳамда «спринклер» тизимлари учун 9 000 минг сўм этиб белгиланади.
*** Озуқа экин ер майдонларида томчилатиб суғориш, кенг қамровли ва мобиль суғориш ҳамда «спринклер» тизимларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига 8 000 минг сўм этиб белгиланади.
**** Субсидиялар фақат Хоразм вилоятидаги шоли етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига ажратилади.