
Бухоро шаҳрида фаолият юритувчи “Бухоро” (номи ўзгартирилган) оилавий меҳмон уйи раҳбари газ идораси ходимлари хатти-ҳаракати юзасидан Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилди.
Аниқланишича, “Бухорошаҳаргаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан жорий йил 24 июлда тадбиркорга нисбатан 21 млн сўм миқдорида зарар ҳисобланиб, оилавий меҳмон уйи газ тармоғидан узилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 27.11.2023 йилдаги 622-сонли қарори билан тасдиқланган Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Низомнинг 7-бандига асосан, меҳмон уйлари хизматларини кўрсатиш оилавий тадбиркорлик субъектлари шаклида ташкил этилганда коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқликтаъминоти) учун тўловлар аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида тўланиши белгиланган.
Аммо газ таъминоти бўлими ходимлари бу имтиёзни эътибордан четда қолдириб, тўловларни тижорат мақсадида фойдаланувчилар учун мўлжалланган юқори тарифлар бўйича ҳисоблаган.
Натижада, тадбиркорнинг қонуний ҳуқуқлари бузилган. Ушбу ҳолат юзасидан “Бухорошаҳаргаз” газ таъминоти бўлимининг масъул ходимига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-6-моддасига асосан жарима жазоси қўлланилди. Шунингдек, тадбиркорга нисбатан ҳисобланган асоссиз зарар бекор қилинди.