
Бугун, 18 сентябрь куни Навоий шаҳрида тадбиркорлар билан муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Бизнес-омбудсман девони бош инспектори Б.Мирзаев ва Навоий шаҳар ҳокими Д.Эргашев иштирок этиб, ҳудуддаги тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни бирма-бир тинглади.
Учрашувга 20 га яқин тадбиркор ташриф буюрди. Улар ўз фаолиятидаги тўсиқлар, таклиф ва мурожаатларини очиқ-ойдин билдиришди. Учрашув давомида ҳар бир масала алоҳида муҳокама қилиниб, муаммоларга ечим топиш йўллари кўриб чиқилди.
Жумладан, "Engineering Group" МЧЖ раҳбари Ф.Хусаинов ўз мурожаатида қурилиш маҳсулотлари, хусусан, темир-бетон маҳсулотларини Электрон кооперация портали орқали сотиш жараёнида юзага келаётган муаммони кўтарди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарилган товар учун сертификат олишда бюрократик тўсиқлар пайдо бўлмоқда.
Ушбу мурожаатдан сўнг, учрашув иштирокчилари томонидан бу масала дарҳол ўрганиб чиқилди. Тадбиркорнинг ҳар бир турдаги маҳсулоти бўйича сертификатни расмийлаштириш учун ваколатли органларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Мулоқот якунида тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш юзасидан масъул ташкилотларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.