
Вакил девонига Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи “Муборак олтин дала” МЧЖ раҳбари кредит учун фоизлар кўп ҳисоблангани ва бошқа ҳолатлардан норози бўлиб мурожаат қилди.
Аниқланишича, МЧЖ ва тижорат банки ўртасида 2022 йилда “Экспортни рағбатлантириш мақсадида айланма маблағни тўлдириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун” 12 ой муддатга йиллик 4 % устама ҳақ тўлаш шарти асосида 200 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш тўғрисида шартнома имзоланган.
Маълумки, Фуқаролик кодексининг 744-моддасига кўра, кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.
Ўрганиш натижасида 11.10.2023 йилда суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинганлигига қарамай, жами 8 172,31 АҚШ доллари миқдорида кредит фоизлари қонун талабларига зид равишда ҳисоблангани аниқланди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида асоссиз ҳисобланган 8 172,31 АҚШ доллари миқдоридаги кредит фоизлари ҳисобдан чиқарилиши таъминланди.