
Фото: insurancejournal.com
Биламизки, омбудсман сўзи қадимий скандинав тилидан тарқалган бўлиб, “ваколат”, “топшириқ” деган маъноларни англатади. Омбудсман ижро этувчи ҳокимият органлари ва мансабдор шахслар фаолиятида адолатнинг таъминланиши ва айрим фуқароларнинг манфаатларига риоя этилишини назорат қилиш функциялари юкланган мансабдор шахс ҳисобланади.
Хўш, дунё тажрибасида қандай омбудсманлар мавжуд?
Илк омбудсман XIX асрда Швецияда тайинланган бўлиб, бугунги кунга қадар инсон ҳуқуқлари бўйича, истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича, молия соҳасида, болалар ҳуқуқлари бўйича, тадбиркорлик ҳуқуқлари, солиқ масалалари, ОАВни ҳимоя қилиш, нарх-наволарни назорат қилиш масалаларида ва баъзи ташкилотларда ички омбудсманлар мавжуд.
Келинг, ушбу омбудсманлар орасида айнан тадбиркорлик ҳимояси билан шуғулланувчи Бизнес-омбудсманлар ҳақида гаплашамиз.
Бизнес-омбудсман ўз номи билан тадбиркорлик субъектлари, бизнес вакилларини ҳимоя қилиш мақсадида тайинланган мансабдор шахс ҳисобланади. У кўп давлатларда турлича номланади ва унинг фаолияти турли ташкилий-ҳуқуқий шаклларда намоён бўлади.
Австралия
Австралияда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик бўйича омбудсман 2016 йил 11 мартда ташкил этилган. У Австралиядаги кичик бизнес ва оилавий корхоналарни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш учун яратилган.
Австралия омбудсмани кичик бизнес ва оилавий корхоналарнинг бошқа корхоналар ёки Ҳамдўстлик давлат идоралари билан келишмовчиликда бўлган ёрдам сўровларига жавоб беради.
Бошқа давлатлар бизнес-омбудсманларидан фарқли ўлароқ, Австралияда омбудсман бизнес вакиллари ўртасидаги низоларни ҳал этиш вазифасини ҳам бажаради. Бу низоларни ечишнинг муқобил усулларидан (медиация ва ҳоказо) фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Буюк Британия
Буюк Британия Молиявий омбудсмани хизмати (FOS) – бу молиявий хизматлар билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқишнинг мустақил ва холис механизмини таъминлаш учун яратилган қонуний низоларни ҳал қилиш тизимидир. FOS суд органларига муқобил бўлиб, истеъмолчиларга бепул хизматларни таклиф этади.
Буюк Британиядаги Молиявий омбудсман хизмати 2001 йилда Буюк Британия парламенти томонидан молиявий маҳсулотлар ва хизматлар ҳақидаги шикоятларни кўриб чиқиш учун ташкил этилган. FOS бир нечта алоҳида, олдиндан мавжуд бўлган омбудсман тизимларининг ўрнини эгаллаган.
Молиявий омбудсман хизматлари бепул бўлиб, ҳар йили институтга банк ҳисобварақлари, тўловлар ва карталар, тўловларни ҳимоя қилиш суғуртаси, уй-жой, автомобиль, саёҳат ва бошқа суғурта турлари, кредитлар, ипотека, қарзни ундириш ва тўлаш билан боғлиқ муаммолар, молиявий маслаҳатлар, инвестициялар ва пенсиялар каби масалалар бўйича миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушади.
Грузия
2011 йилда Грузияда Солиқ-омбудсмани институти ташкил этилган. 2015 йил 5 июндан бошлаб Грузия Бизнес-омбудсмани тўғрисидаги янги қонун қабул қилиниб, унинг асосида институт янги ном остида фаолиятини давом эттирди.
Бизнес-омбудсман Грузия ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни назорат қилади, маъмурий орган томонидан ушбу ҳуқуқлар ва қонуний манфаатлар бузилганлиги фактларини аниқлайди ва қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ бузилган ҳуқуқларни тиклашга ёрдам беради.
Жанубий Корея
Жанубий Кореяда тадбиркорлар ҳимояси билан шуғулланувчи икки турдаги омбудсман мавжуд бўлиб, улар 1999 йилда ташкил этилган Кичик ва ўрта бизнес бўйича Омбудсман ҳамда Хорижий инвестициялар бўйича Омбудсмандир.
Хорижий инвестициялар бўйича Омбудсман ва унинг шикоятларини кўриб чиқиш бўйича органи хорижий компаниялар дуч келаётган муаммолар тўғрисида маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади, ҳамкорликни сўрайди ва тегишли маъмурий органларга бундай ҳамкорликни амалга ошириш бўйича тавсиялар беради, хорижий инвестицияларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича янги чора-тадбирларни таклиф қилади ва хорижий инвестиция компанияларига уларнинг мурожаатларини ҳал этишда кўмаклашиш бўйича бошқа зарур вазифаларни бажаради.
Кичик ва ўрта бизнес бўйича Омбудсман эса кичик ва ўрта корхоналарга таъсир этувчи меъёрий ҳужжатларни аниқлаш ва такомиллаштириш, Президент Фармонида назарда тутилган, тегишли меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш ва кичик ва ўрта корхоналар дуч келаётган қийинчиликларни ҳал қилиш учун зарур бўлган чора-тадбирларни кўриш билан шуғулланади.
Қирғизистон
Қирғизистон Республикасида 2018 йилда ҳукумат қарори билан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил жорий этилган. Фарқли жиҳати, Қирғизистонда Бизнес-омбудсман мустақил нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият олиб боради.
Қозоғистон
Қозоғистонда Бизнес-омбудсман институти 2014 йилнинг охирида Тадбиркорлар миллий палатаси ҳузурида ташкил этилган. 2016 йил 1 январда кучга кирган Тадбиркорлик кодексида Бизнес-омбудсманнинг ҳуқуқий мақоми ҳам белгилаб кетилган.
Қозоғистонда ушбу лавозимга Бизнес-омбудсман Давлат раҳбарининг буйруғи билан тайинланади ва фақат Президентга ҳисобот беради. Бундан ташқари, ҳеч ким Қозоғистон тадбиркорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга Тадбиркорлик кодексида назарда тутилмаган функцияларни топширишга ҳақли эмас. Унинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувга йўл қўйилмайди.
Польша
Польша кичик ва ўрта бизнес омбудсмани 2018 йилда ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси кичик ва ўрта бизнес вакилларини ҳимоя қилишдан иборат.
У бу вазифани тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича қонунчилик ташаббусини қабул қилиш ёки бошқа норматив ҳужжатларни ўзгартириш тўғрисидаги сўровлар билан ваколатли органларга мурожаат қилиш, ҳуқуқни амалда қўллаш масалалари бўйича ноаниқликлар юзага келган тақдирда, ваколатли органларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилиш, давлат бошқаруви органлари ишида тахмин қилинаётган қоидабузарликлар тўғрисида ваколатли назорат ёки текширув органларини хабардор қилиш; ваколатли органлар, ташкилотлар ёки давлат муассасаларига тадбиркорлар ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек, ушбу соҳадаги масалаларни ҳал этиш тартибини яхшилашга қаратилган чоралар кўриш тўғрисида таклифлар ва илтимослар билан мурожаат қилиш орқали бажаради.
Польша кичик ва ўрта бизнес омбудсмани ўз фаолиятида Иқтисодиёт вазирлигига бўйсунади.
Россия Федерацияси
Россияда Бизнес-омбудсман институти 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, у Россия Федерацияси Президентига бўйсунади.
Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор функцияларни бажаради. Бизнес-омбудсманнинг асосий вазифаларига тадбиркорларнинг давлат органларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш, текширишларда иштирок этиш, давлат органлари билан низолар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик соҳасида давлат сиёсатини шакллантиришга кўмаклашиш киради.
Россияда бошқа давлатлардан фарқли равишда ҳар бир ҳудудий субъектда (республика, ўлка, вилоят, автоном округ) ўзининг бизнес-омбудсмани мавжуд бўлиб, улар мустақил равишда фаолият олиб боради ва ўз ҳудуди губернаторига бўйсунади.
Украина
2014 йилда ташкил этилган Украина Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кенгаши мустақил ва тенг ҳуқуқли институт бўлиб, унинг вазифаси тадбиркорларнинг давлат олдидаги қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Кенгаш тадбиркорларнинг давлат органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги шикоятларини кўриб чиқади ва низоларни судгача бўлган босқичда ҳал этишга кўмаклашади.
Бизнес-омбудсман кенгаши тадбиркорлар ўртасидаги муносабатлар доирасида ёки суд ёки ҳакамлик муҳокамаси предмети бўлган ёхуд суд, ҳакамлик судлари ёки шунга ўхшаш қарорлар қабул қилинган масалалар юзасидан келиб чиқадиган шикоятларни кўриб чиқмайди. Бундан ташқари, Бизнес-омбудсман Кенгаши, агар тегишли даражада тадбиркорлик фаолиятининг бепарволигидан жабрланган томон амалдаги қонунчиликка ва шикоят қилинган томоннинг ички қоидаларига мувофиқ ўзи учун мавжуд бўлган камида битта имкониятдан фойдаланиб шикоят қилмаган бўлса, шикоятларни кўриб чиқмайди.
* * *
Аслида ҳар қандай давлатда ҳам бизнес эгалари давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, уларнинг ҳуқуқлари турли механизмлар ёрдамида, турли ташкилотлар томонидан ҳимоя қилинади. Бироқ, Ўзбекистон каби юқорида қайд этилган баъзи давлатларда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида тузилма масъул қилиб белгиланган ва керакли ваколатлар берилган.
Гулжамол Шукурова,
Бизнес-омбудсман девони Ахборот хизмати раҳбари