18-Iyul, 2025-yil

Тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш йўлида: сайёр учрашувлар ва ҳуқуқий тушунтиришлар

 Жиззах вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ва қонунчилик тушунтиришлари

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-200-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Бизнес-омбудсман девони мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тадбиркорлар билан мунтазам учрашувлар ўтказмоқда. Яқинда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида Бизнес-омбудсман девони, вилоят прокуратураси, вилоят солиқ бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирокида сайёр учрашув бўлиб ўтди.

 

Ушбу учрашувда Пахтакор ва Зафаробод туманларидаги тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этдилар. Сайёр қабул жараёнида масъул ташкилот раҳбарлари томонидан 22 та тадбиркорлик субъекти вакилларининг мавжуд муаммолари атрофлича ўрганилди. Тадбиркорлар ўз фаолиятларида дуч келаётган қийинчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларини билдирдилар. Учрашув давомида тадбиркорларга амалдаги янгиликлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди. Шунингдек, соҳага оид муаммоларнинг олдини олиш мақсадида доимий мулоқот олиб бориш муҳимлиги таъкидланди.

 

Ҳуқуқий саводхонликни ошириш – муҳим вазифа

 

Бизнес-омбудсман девонининг фаолияти нафақат тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишга, балки уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам қаратилган. Шу мақсадда, Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан Тошкент шаҳар прокуратураси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги "Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-184-сонли Фармони мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича учрашув ташкил этилди.

 

Ушбу учрашувда текширишда қатнашувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, текшириш ўтказишда ваколатли органни хабардор қилиш тартиби, текширувларни амалга ошириш, уларнинг боришини мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида профилактик чора-тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай тушунтириш ишлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Бизнес-омбудсман девони тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение