Бизнес-омбудсман тадбиркорнинг мулкий ҳуқуқи бузилиши юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлигига нисбатан киритилган даъво бўйича судда ютди. Олий суд қарори билан Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “Файз” МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) ер майдонига бўлган ҳуқуқларини тиклаш вазифаси Самарқанд шаҳар ҳокимлигига юклатилди.
Юқоридаги ер майдони тадбиркорга 2016 йилда ажратилган. Кейинчалик Самарқанд шаҳар ҳокимининг янги қарори билан мазкур ер майдони тадбиркорнинг хабарисиз қўшни лицейга доимий фойдаланишга бериб юборилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорнинг манфаатида киритилган шикоятини қаноатлантириш Жомбой туман маъмурий суди, кейинчалик эса Самарқанд вилоят маъмурий суди томонидан рад этилган. Натижада, иш Олий суд томонидан кўрилиб, тадбиркорнинг манфаатига зид равишда чиқарилган шаҳар ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди.