9-Iyul, 2025-yil

Бизнес-омбудсман девони: тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар

 

Бизнес-омбудсман девони тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятидаги муаммоларни бартараф этиш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Бунинг ёрқин далили сифатида Қашқадарё вилоятида ўтказилган очиқ мулоқот, Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги сайёр қабул ҳамда Самарқанд вилояти солиқ бошқармасида ташкил этилган семинарни келтириш мумкин.

 

Қашқадарёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот

Қашқадарё вилоятида ўтказилган очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари М.Истамов, Бизнес-омбудсман девони ходимлари, шунингдек, вилоят прокуратураси, солиқ, божхона, ҳокимликлар, Марказий банк ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида 60 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўз фаолиятида учраётган муаммолар ва таклифларини билдирдилар. Хусусан, ер ажратиш, қурилиш рухсатномалари, солиқ имтиёзлари, божхона тартиблари, молиявий кўмак, банк хизматлари ва давлат хизматлари кўрсатиш жараёнларидаги муаммолар кўтарилди.

 

Балиқчи туманида сайёр қабул

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида Бизнес-омбудсман девони масъул ходими бошчилигида туман ташкилотлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Қабул давомида мурожаатларнинг ҳар томонлама, тўлақонли кўриб чиқилишига, тадбиркорлик субъектларининг энг кўп кўтарилаётган, жамоавий характердаги масалаларига ҳамда қабулларнинг натижадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу қабулда тадбиркорлар томонидан бир нечта масалалар юзасидан мурожаат қилиниб, айримлари жойида ҳал этилди, муддат талаб қиладиганлари эса тегишли ташкилотларга бириктирилиб, назоратга олинди.

 

Самарқандда солиқ ходимлари учун семинар

Самарқанд вилояти солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девони масъул ходими томонидан семинар ташкил этилди. Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-184-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Вакил девони ходими Н.Намозов вилоят солиқ бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) солиқ инспекциялари ходимларига Фармон билан белгиланган вазифалар ва тартибларга оид тушунтиришлар берди ҳамда берилган саволларга жавоб қайтарди.

 

Бизнес-омбудсман девони тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасидаги ишларини давом эттиради. Бу каби тадбирлар тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение