
Куни кеча, 2 июль куни Бизнес-омбудсман девони томонидан ички туризм ва меҳмонхона соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан онлайн форматда очиқ мулоқот ўтказилди. Ушбу тадбирда 20 дан зиёд тадбиркор фаол иштирок этиб, ўз фаолиятини ташкил этиш, уни юритиш ва кенгайтириш бўйича қатор муаммо ва таклифларини билдирдилар.
Мулоқот давомида 30 дан ортиқ таклифлар муҳокама қилинди. Хусусан, тадбиркорлар коммунал тўловларни олдиндан амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш, сервис хизматларининг сифатини янада ошириш, соҳада “дуал” таълим тизимини жорий қилишни кенгайтириш ҳамда соҳадаги айрим тўловларни табақалаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар.
Бизнес-омбудсман девони ушбу мулоқот натижасида келиб тушган барча таклиф ва муаммоларни чуқур ўрганиб чиқиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади. Тадбиркорлар билан доимий мулоқот давом эттирилиб, уларнинг фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган ишлар изчил олиб борилади.