
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бизнес-омбудсман Ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида «Очиқ мулоқотлар доирасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар» мавзусида брифинг бўлиб ўтди.
Жорий йилда ўтказиладиган Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил этиш бўйича ишлар бошланди. Ҳудудларда Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан тадбиркорлар билан соҳалар кесимида учрашувлар графиклари тасдиқланди ва учрашувлар ташкил қилинмоқда. Мазкур учрашувларда билдирилган таклифлар таҳлил қилиниб, тизимли муаммолар бўйича таклифлар шакллантирилмоқда.
Шунингдек, 16 июндан 20 августга қадар республика Штаби, ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, масъул вазирлик ва идоралар малакали мутахассисларидан иборат эксперт гуруҳлари тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилади ва умумлаштириб боради.
Тадбикорларнинг мурожаатлари 1100 ва 1094 қисқа рақамлари орқали 24/7 режимда “Call-марказ”, “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот” электрон платформаси, махсус телеграм бот ҳамда ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар орқали қабул қилинади.
Шу билан бирга, ўтган йилги очиқ мулоқотда берилган вазифалар юзасидан Бизнес-омбудсман девони томонидан амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Хусусан, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–184-сон Фармони қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилмоқда.
Бизнес-омбудсман ва назорат қилувчи органлар томонидан “Хавфни таҳлил қилиш” тизимларига қўйиладиган минимал талаблар қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. Шунингдек, барча назорат қилувчи органларнинг “Хавфни таҳлил қилиш” Низомлари Фармон талабларига мувофиқлаштирилган ҳолда қайтадан тасдиқланди.
“Ягона давлат назорати” ахборот тизимига 43 та назорат қилувчи орган томонидан мажбурий талаблар реестри асосида тадбиркорликнинг ҳар бир йўналиши бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг мажбурий талабларга мослигини текшириш имконини берувчи чеклист жойлаштирилди ва чеклистни тўлдириш натижалари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорга тавсиялар бериш имконияти яратилди.
Назорат қилувчи органларнинг 2024 йилдаги фаолияти баҳоланиб, “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рейтинг эълон қилинди.
Қолаверса, Фармон ижроси юзасидан Назорат қилувчи органларнинг текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича ахборот тизимида рўйхатдан ўтган 43 та назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг 8 170 нафар ходими ҳудудларга чиққан ҳолда ўқув курсларида ўқитилди.
Бундан ташқари, йил давомида тадбиркорларнинг мурожаатлари Тадбиркор виртуал офиси, ҳудудлардаги учрашувлар орқали доимий таҳлил қилиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорларнинг тизимли муаммолар юзасидан берган мурожаатлари асосида 9 та таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, 25 та таклифлар Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли ташкилотларга киритилди.
Ҳурматли юртдошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни бу йилги очиқ мулоқотда фаол иштирок этишга ва юртимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни фаол билдиришга чорлаб қоламиз.