30-May, 2025-yil

Тошкентда назорат қилувчи органлар ходимлари учун семинар ўтказилди

 

Жорий йилнинг 28 май куни Тошкент шаҳида Бизнес-омбудсман девони масъул ходимлари ва назорат қилувчи органлар вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мавзуси кун тартибига қўйилди.

 

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-184-сонли Фармонининг ижроси юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига оид амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва уларга киритилган сўнгги ўзгартиришлар бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.

 

20 та назорат қилувчи органларнинг 400 га яқин вакиллари иштирок этган тадбирда тадбиркорлик субъектларида текширувларни амалга ошириш тартиби, шунингдек, текширувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида кенгроқ маълумот берилди.

 

Муҳокамалар жараёнида тадбиркорлар фаолиятида ўтказилаётган текширувларни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни янада кенгайтириш ва профилактика тадбирларининг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Президент Фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги барча текширувлар фақатгина "Ягона давлат назорати" ахборот тизими орқали Бизнес-омбудсманни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.

 

Айрим ҳолатларда, масалан, фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солганда ёки давлат манфаатларига зарар етказилганда, текширувлар аввал бошланиб, кейин 24 соат ичида тизимда рўйхатга олиниб, Бизнес-омбудсманга хабар берилади.

 

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, жорий йилнинг биринчи чорагида 30 та назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 35 538 та текширув ўтказилган бўлиб, шундан 784 таси (2 фоизи) 24 соатдан сўнг хабардор қилган ҳолда ўтказилган.

 

Текширувлар қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг доирасида 6 та назорат органи томонидан 109 та ноқонуний текширув ўтказилгани, 13 та назорат органи томонидан 626 та ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилганлиги аниқланган.

 

Қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 175 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

 

Давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида назорат органларининг 4 106 нафар мансабдор шахси иштирокида 102 та ўқув семинари ўтказилди.

 

Текширишларни ўтказувчи ходимларнинг малака ва профессионаллик даражасини баҳолаш мақсадида назорат органининг 2 077 нафар ходими аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 1 575 нафари (76 фоизи) тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказишда етарли малакага эга деб топилди.

 

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида биринчи чоракда жами 662 та таъсир чораси қўлланилди. 5 та даъво аризаси (шикоят), 15 та тақдимнома, 17 та хулоса, 2 та огоҳнома ва 619 та маъмурий шулар жумласидан.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение