28-May, 2025-yil

Сенаторлар томонидан маъқулланган Қонун тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиради

 

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган ва маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, солиқ юкини камайтириш ва иқтисодиётни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур Қонун эса ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиради.

 

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка сабаб бўладиган зарарнинг миқдорини ошириш, етказилган зарарнинг ўрни судга қадар босқичда ва суд муҳокамаcи давомида тўлиқ қопланган тақдирда жавобгарликдан озод қилиш, шунингдек, ваколатли органларнинг терговга қадар текширув ҳаракатларини амалга ошириш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Қонуннинг муҳим янгиликларидан бири – Жиноят-процессуал кодексга тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича суриштирув, дастлабки тергов ёки суд жараёнида Бизнес-омбудсман ёки Савдо-саноат палатаси томонидан тайинланган вакил жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этишини белгиловчи қоидалар киритилмоқда.

Ушбу қўшимча Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.09.2023 йилдаги ПҚ-300-сон қарорига мувофиқ киритилмоқда. Хусусан, ушбу қарорда тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ва суд жараёнида тегишли мансабдор шахс иш материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес-омбудсман ёки Савдо-саноат палатасини жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиши тартибини жорий этиш белгиланганди.

 

Шунингдек, Фуқаролик кодексида ва Солиқ кодексида суд қарор чиқаргунига қадар тергов жараёнида қўшимча ҳисобланиб ундирилган солиқлар ва йиғимлар бўйича пеня ҳисобланмаслиги, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаси бўйича тўлаб берилган компенсация пуллари даромад солиғига тортилмаслиги каби ўзартиришлар ҳам назарда тутилмоқда.

 

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, солиқ тушумларининг барқарорлигини таъминлашга, тадбиркорликни ривожлантириш учун тенг рақобат шароитларини яратишга, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение