26-May, 2025-yil

Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди

 “Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-190-сон, 23.05.2025 й.) қабул қилинди.

 

Қарорга кўра, рақамли маркировкаланган маҳсулотларнинг ҳаракат занжирини тўлиқ кузатиб бориш орқали яширин ишлаб чиқариш ва контрафакт маҳсулотлар муомаласига чек қўйиш асосий мақсад этиб белгиланди.

 

Тадбиркорлар томонидан олинган маркировка кодларини маҳсулотларга қўллаш учун белгиланган 90 календарь кунлик муддат бекор қилинади.

 

Маркировка кодлари маҳсулотга бевосита қўллангандан кейин улар учун тўлов амалга оширилади.

 

Шунингдек, рақамли маркировкаланган маҳсулотларни агрегациялашда қўлланадиган маркировка кодлари Рақамли маркировкалаш ва кузатиш миллий ахборот тизими оператори (Оператор) томонидан бепул тақдим этилади

 

Тадбиркорларнинг мурожаатларини тезкор ҳал этиш мақсадида Оператор томонидан туну кун ишлайдиган “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилади.

 

2025 йил 1 июлдан:

 

импорт қилувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган дори воситаларини уларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга тўғридан-тўғри ёки унинг расмий дилерлари орқали реализация қилиш электрон ҳисобварақ-фактура асосида амалга оширилади;

 

рақамли маркировкаланган маҳсулотларни улгуржи сотиш фақат нақд пулсиз шаклда банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.

 

Рақамли маркировка қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси ташкил этилади.

 

Рақамли маркировкаланган маҳсулотлар айланмасининг барча босқичларида тизимли назоратни таъминлаш Инспекциянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

 

2025 йил 1 сентябрдан:

 

хавфни таҳлил қилиш тизимида мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари солиқ хавфи даражасини юқори деб баҳолаш учун асос бўлади;

 

мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни реализация қилишда маркировка коди бириктирилмаган электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришга йўл қўйилмайди;

 

мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни чакана реализация қилишда:

 

маркировка коди киритилгандан сўнг онлайн назорат-касса техникасининг касса чеки шакллантирилади;

 

аввал фойдаланилган маркировка кодлари киритилганда онлайн назорат-касса техникасининг касса чекини шакллантиришга йўл қўйилмайди.

 

2026 йил 1 январдан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатларини солиқ органларининг ахборот тизими орқали аниқлаш бўйича масофавий солиқ текширувини ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда:

 

текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома олиш талаб этилмайди;

 

мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланганда қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида огоҳлантириш берилади;

 

2-марта огоҳлантириш берилгандан сўнг қоидабузарлик ҳолатлари аниқланганда белгиланган миқдорларда жарима қўлланади;

 

жарима қўлланилган тадбиркорларга 1 йил давомида ҚҚС суммасининг ўрни қопланмайди.

 

2025 йил 1 сентябрдан фармацевтика фаолияти ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти бўйича янгидан ташкил этилган субъектларга лицензия беришда қуйидаги қўшимча шартлар киритилади:

 

фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк бўйича ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги;

 

дори воситаларини реализация қилишда харидорлардан тўловларни қабул қилиш бўйича электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилганлиги.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Мураккаб иқтисодий ўзгаришлар шароитида тадбиркорлар фаолиятидаги ҳар қандай тўсиқ ва чекловлар олиб ташланса, уларга ҳақиқий ёрдам берган бўламиз

Text to speech
Звуковое сопровождение