20-May, 2025-yil

Тадбиркорлар диққатига: давлат хизматлари билан боғлиқ муаммоларни судгача ҳал қилишнинг янги механизми ишга туширилади

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига (ПҚ-188-сон, 19.05.2025 й.) мувофиқ, 2026 йил 1 июлга қадар Тошкент шаҳрида давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ маъмурий ҳужжатлар бўйича низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.

 

Эндиликда агар давлат хизматини олишда қонунга зид деб ҳисоблаган маъмурий ҳужжатга дуч келсангиз, аввал судга мурожаат қилмасдан ҳам адолатни тиклаш имконияти пайдо бўлади. Бу вақт ва маблағни тежашга ёрдам беради.

 

Тошкент шаҳрида Адлия вазирлиги ва шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида апелляция кенгашлари ташкил этилади. Агар сиз давлат хизмати бўйича ноқонуний қарор қабул қилинди деб ҳисобласангиз, ушбу кенгашларга шикоят қилишингиз мумкин. Кенгашлар шикоятларингизни ва давлат хизматлари кўрсатилишини мониторинг қилиш натижаларини кўриб чиқади.

 

Кенгаш таркибига Адлия вазирлиги, Рақобат қўмитаси, маъмурий ҳужжатга алоқадар давлат органи ва бошқа ташкилотлар қаторида Бизнес-омбудсман девони масъуллари ҳам киради.

 

Апелляция кенгашлари ҳужжатларни бекор қилиш ёки уларга ўзгартириш киритиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Давлат органлари кенгаш қарори устидан шикоят қила олмайди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Вакил (Бизнес-омбудсман)

Ҳозирги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати тадбиркорлардан камчилик излаб, уларни жазолаш эмас, балки ишни тўғри ташкил қилишни ўргатишдан иборатдир

Text to speech
Звуковое сопровождение