Бизнес-омбудсман девони томонидан республиканинг турли ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари ва назорат қилувчи органлар вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этилмоқда. Мазкур учрашувларнинг асосий мақсади тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, шунингдек, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва улар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришдан иборатдир.
Наманганда мулоқот ва ўқув семинари ташкил этилди
Наманган вилоятида Бизнес-омбудсман девони томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда ЎИҲҲҚЖФнинг ҳудудий бирлашмаси ҳамкорлигида тадбиркорлар ва назорат қилувчи органлар ходимлари иштирокида ўқув семинари ва учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон Фармони ва қонунчиликдаги ўзгаришларга оид тушунтиришлар берилди. Учрашув давомида текширувлар жараёнида назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, текширув тартиби каби муҳим масалалар муҳокама қилиниб, саволларга жавоблар қайтарилди. Шунингдек, тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Экспортёрлар билан онлайн учрашув ўтказилди
Бизнес-омбудсман девони ходимлари ва Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мутасаддилари томонидан пойтахтда фаолият юритаётган экспортёрлар билан онлайн форматда йиғилиш ўтказилди. ZOOM платформаси орқали ташкил этилган мулоқотда тадбиркорлар ўз фаолиятларидаги долзарб масалаларни баён қилиб, экспорт жараёнида юзага келаётган амалий ҳолатларни муҳокама қилишди. Учрашув давомида экспортёрлар томонидан экспорт жараёнларида ҳеч қандай божхона тўсиқлари мавжуд эмаслиги, божхона органлари билан ҳамкорлик тизимли йўлга қўйилгани, расмийлаштириш жараёнлари тез ва шаффоф амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, Бизнес-омбудсман девони, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк вакиллари ва тумандаги тадбиркорлик субъектлари иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди. Очиқ ва самимий мулоқот тарзида кечган қабулда тадбиркорларнинг турли соҳаларга оид муаммолари, талаб ва таклифлари эшитилди. Қабул давомида билдирилган мурожаатларни тегишли тартибда ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилот ва муассасалар вакилларига топшириқлар берилди.
Қашқадарёда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси тадбиркорлари билан учрашув
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг Қашқадарё вилояти бошқармасида соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда тадбиркорларнинг муаммолари ва уларнинг фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлари тингланди, шунингдек, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан маълумотлар берилди. Тадбиркорлардан келиб тушган мураккаб мурожаатлар кўриб чиқилиб, тегишли чоралар кўриш мақсадида қабул қилинди.
Андижонда назорат қилувчи орган ва тадбиркорлар билан учрашув
Транспорт назорати инспекциясининг Андижон вилояти ҳудудий бўлимида тадбиркорлар ва назорат қилувчи орган ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратишда назорат қилувчи органларнинг ўрни ва ролига эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-184-сон ва ПФ-229-сон Фармонлари ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар билан таништирилди. Тадбиркорлар билан шахсий қабуллар ташкил этилиб, уларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Хоразм учрашувлар бўлиб ўтди
Хоразм вилоятида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходимлари учун Президентнинг "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан семинар ташкил этилди. Семинарда назорат органларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли ва масъулияти, инспекция ходимларининг иш жараёнида қонунларга риоя қилишининг аҳамияти таъкидланди. Шунингдек, текширувлар ва профилактик тадбирларни ўтказиш тартиби, “Хавфни таҳлил этиш” электрон тизими ҳамда текширув иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида тушунчалар берилди.
Навоийда тадбиркорларнинг муаммолари тингланди
Навоий вилоятида ҳам транспорт назорати инспекцияси томонидан тадбиркорлар ва назорат қилувчи органлар иштирокида шу каби учрашув ташкил этилди. Унда ҳам тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди, қонунчиликдаги янгиликлар билан таништирилди ва тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, ҳал этиш чоралари кўрилди.
Бизнес-омбудсман девонининг бу каби ҳудудий учрашувлари тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, давлат органлари билан ўзаро ишончли муносабатларни шакллантиришга хизмат қилади.