Бизнес-омбудсман девони ўз фаолиятини тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратиб келмоқда. Бу борада жойлардаги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, Бизнес-омбудсман девони, Савдо-саноат палатаси, Жиззах вилоят ҳокимлиги ва вилоят солиқ бошқармаси ҳамкорлигида сайёр қабул ҳамда семинар ташкил этилди. Тадбир давомида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишда назорат қилувчи органларнинг ўрни ва роли муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон Фармони, 2024 йил 27 декабрдаги ПФ-229-сон Фармони ҳамда қонунчиликка киритилган охирги янгиликлар юзасидан маълумот берилди. Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, тадбиркорлар билан шахсий қабуллар ташкил этилиб, уларнинг мурожаатлари тингланди ва жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Бундан ташқари, Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони билан ҳамкорликда ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 мартда қабул қилинган божхона маъмуриятчилигидаги ўзгартиришлар ҳақида маълумот берилди. Қолаверса, тадбиркорларга Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 244-сон қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида вакил девони ходими, туман ҳокими, туман прокурори иштирокида тадбиркорлар билан сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда туманда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектларининг муаммо ва таклифлари ўрганилиб, ижроси назоратга олинди.
Сурхондарё вилоятида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Жумладан, Термиз шаҳрида Бизнес-омбудсман девони ва дорихона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбир тадбиркорларнинг мурожаатларини бевосита жойида кўриб чиқиш ва уларнинг таклифларини эшитиш учун қулай имконият яратди.