
Бугун, 11 апрель куни АОКАда Бизнес-омбудсман девони Ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида Вакил девони томонидан 2025 йилнинг 1-чорагида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар сарҳисобига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлардан 2 382 та мурожаат келиб тушган бўлиб, кўриб чиқилган мурожаатларнинг 650 таси (52 фоизи) бўйича тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди, 605 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Келиб тушган мурожаатлар хусусиятлари бўйича таҳлил этилганда:
- 12 фоизи солиқ;
- 12 фоизи ер, кадастр ва архитектура;
- 10 фоизи банк, кредит;
- 9 фоизи суд қарори ижроси;
- 8 фоизи текширувлар ва бошқа масалаларга оид.
Қолаверса, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали тадбиркорлик субъектларининг 1 951 та мурожаатида 2 270 та масала келиб тушган бўлиб, кўриб чиқилган мурожаатларнинг 98% ҳал этилган ва тушунтириш берилган.
Мазмунига кўра, мурожаатларнинг 14 фоизи банк ва кредит, 13 фоизи солиқ, 11 фоизи ер майдони ёки бино ажратиш, 10 фоизи инфратузилма, 10 фоизи суд ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш, 6 фоизи шартномавий муносабатлар ва қолган 36 фоизи бошқа масалаларга тегишли.
Мурожаатларни кўриб чиқишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 23 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли органларга 2 та тақдимнома киритилди.
1-чорак давомида тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик ижроси бўйича 5 та назорат органида ўрганиш ўтказилган.
Маълумот учун: Фармагентлик, Фармхавфсизлик маркази, Экология идоралари, Солиқ идоралари, Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари.
Ўрганишда 28 349 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, 5 та тақдимнома киритилган, масъул шахсларнинг 194 нафарига маъмурий баённома расмийлаштирилган, 37 нафарига интизомий жазо қўлланилган.
Тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини мувофиқлаштириш бўйича қилинган ишларга тўхталадиган бўлсак, 1-чоракда 30 та назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 35 538 та текширув ўтказилган бўлиб, шундан 784 таси (2 фоизи) 24 соатдан сўнг хабардор қилган ҳолда ўтказилган.
Текширувлар қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг доирасида 6 та назорат органи томонидан 109 та ноқонуний текширув ўтказилгани, 13 та назорат органи томонидан 626 та ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилганлиги аниқланган.
Қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 175 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида назорат органларининг 4 106 нафар мансабдор шахси иштирокида 102 та ўқув семинари ўтказилди.
Текширишларни ўтказувчи ходимларнинг малака ва профессионаллик даражасини баҳолаш мақсадида назорат органининг 2 077 нафар ходими аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 1 575 нафари (76 фоизи) тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказишда етарли малакага эга деб топилди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида биринчи чоракда жами 662 та таъсир чораси қўлланилди. 5 та даъво аризаси (шикоят), 15 та тақдимнома, 17 та хулоса, 2 та огоҳнома ва 619 та маъмурий шулар жумласидан.
Шунингдек, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Бизнес-омбудсман девони томонидан 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан, 1 та Қонун ва 1 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилди.
195 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича 150 та таклиф ва эътирозлар юборилди.
3 та таҳлилий маълумотнома асосида тадбиркорлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклиф тайёрланди.
Бизни ижтимоий тармоқларимиз орқали ҳам кузатишда давом этинг. Бизнес-омбудсман фаолияти билан таништириб борамиз.